English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ишончли вакилнинг учрашувлари давом этмоқда
12:09 / 2023-06-19

Навоий вилояти Конимех туманида Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Улуғбек Иноятовнинг Навоий вилоятидаги ишончли вакили Бахтиёр Тошев сайловчилар билан учрашди.

Ишончли вакил йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури билан таништирди. Таъкидланганидек, сайловолди дастурда давлат фуқароларнинг таълимга оид ҳақ-ҳуқуқларини амалга оширишни ўз зиммасига олиши энг муҳим вазифа эканлиги алоҳида қайд этилган.  

– Болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олишни юз фоизга етказиш, 6 ёшгача бўлган болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлов билан бепул тўлиқ қамраб олиш биринчи даражадаги вазифадир, – деди ишончли вакил. – Шунингдек, ўқувчилар учун жамоат транспортларидан бепул фойдаланиш, бир навбатли мактаблар ва битта синфда кўпи билан 25 нафар ўқувчи бўлиши, улар учун барча қулай шароитларни яратиб бериш керак. Дастурда чет тиллари ва ахборот технологиялари бўйича ўқув соатларини кўпайтириш, мактаб ерларини ноқонуний сотиб юборишга чек қўйиш, давлат гранти асосида ўқийдиган талабалар улушини 50 фоизга етказиш, талабаларнинг дарсларга иштироки ва инновацион фаолиятни инобатга олиб стипендиялар миқдорини белгилаш, инклюзив таълимни ривожлантириш соҳасида фаолият юритаётган ўқитувчиларга имтиёзлар бериш таклифлари илгари сурилмоқда. 

Ишончли вакил сайловчиларни Президентликка номзод Улуғбек Иноятовнинг сайловолди дастурини қўллаб-қувватлаб, унга овоз беришга чақирди.

 

А.Бўриев, ЎзА