Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ишончли вакил зарафшонлик сайловчилар билан учрашди
18:26 / 2023-06-15

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг Навоий вилоятидаги ишончли вакили Қувондиқ Санақулов Зарафшон шаҳридаги “Олтин водий” маданият уйида сайловчилар билан учрашди.

Ишончли вакил йиғилганларга номзоднинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастуридан ўрин олган бешта стратегик мақсад ҳақида маълумот берди.  

Таъкидланганидек, келгуси етти йилда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ислоҳотлар янада жадал давом эттирилади.

Ишончли вакил дастурдаги ҳар бир мақсад ва ғоя “Инсон – жамият – давлат” тамойили асосида халқимизнинг барча тоифасига муносиб турмуш шароитини яратиб бериш асносида уларни ҳаётдан рози қилишга қаратилганлигини, белгиланган мақсадларнинг рўёби сифатида 2030 йилга бориб аҳолининг турмуш даражаси икки бараварга юксалишини қайд этди.

Учрашувда ўтган олти йил давомида Зарафшон шаҳрида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари эътироф этилди.

– Шаҳардаги мавжуд 13 мактаб замонавий жиҳозлар билан таъминланиб, шаҳар тиббиёт бирлашмасининг 150 ўринли даволаш бўлими биноси қурилди, – дейди Қ.Санақулов. – Қизилқум бағрида жойлашган Мурунтов, Довғизтов қўрғонлари аҳолисининг тоза ичимлик суви билан боғлиқ муаммолари тўлиқ бартараф этилди. Зарафшонликларнинг маиший ҳордиқ чиқаришлари учун “Фавворалар сайлгоҳи” ва шаҳар хиёбони барпо этилди. Шаҳарда инвестиция лойиҳаларини ўзлаштириш ҳам йилдан-йилга ошиб, бугунги кунда 169 миллион 395 минг АҚШ долларлик ишлар амалга оширилиши натижасида 2 минг 400 дан зиёд янги иш ўринлари яратилди.

– Мен Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурини ўқиб чиқдим, – дейди Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутати Лайло Турсунова. – Бугунги учрашувда ишончли вакил дастурдаги мақсадларни янада чуқурроқ тушунтириб берди. Айнан Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан тадбиркорларга кенг имкониятлар эшиги очилди. Ўтган йили ишга тушган “Зарафшон ойна” масъулияти чекланган жамияти мисолида айтаманки, шаҳарда хусусий ишлаб чиқариш корхоналари сони кейинги олти йилда сезиларли даражада ошгани у кишининг тадбиркорлик соҳасида олиб бораётган ислоҳотлари самарасидир.

Сайловолди дастурда хусусий секторни ривожлантириш, таълим-тарбия, тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш ва юқори босқичга олиб чиқиш учун муҳим вазифаларнинг белгилангани келгусида улкан ишлар амалга оширилишини, тизимда меҳнат қилаётган ходимлар учун катта имкониятлар яратилишини кафолатлайди.  

Учрашувда сўзга чиққанлар дастур мақсадларини қўллаб-қувватлаган ҳолда ўз соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар ва улар бардавом бўлиши учун барчани Президентликка номзод Ш.Мирзиёевга овоз беришга чақирди.

Ишончли вакил Қувондиқ Санақулов билан учрашувлар давом этмоқда.  

Абдували Бўриев, ЎзА