Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Халқ демократик партиясидан номзод Улуғбек Иноятовнинг ишончли вакили сурхондарёлик сайловчилар билан учрашди.
Денов педагогика ва тадбиркорлик институти Сариосиё тумани филиалида бўлиб ўтган учрашувда партия фаоллари, маҳаллий кенгаш депутатлари, хотин-қизлар, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Улуғбек Иноятовнинг ишончли вакили Мавжуда Ҳасанова сайловчиларни номзоднинг таржимаи ҳоли, меҳнат фаолияти ҳамда сайловолди дастури билан таништирди. Дастурнинг устувор аҳамиятлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Номзоднинг сайловолди дастурида илгари сурилган мақсад ва вазифалар, амалга оширилиши белгиланган устувор йўналишлар кучли ижтимоий сиёсат, арзон уй-жой, сифатли коммунал хизматлар, кафолатли ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, ёшлар учун таълим кафолатларини мустаҳкамлашга қаратилган. Ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти, товар ва хизматларнинг ижтимоий мақбуллиги, ижтимоий тенгликка асосланган демократик суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ҳамда конструктив ташқи сиёсатга алоҳида эътибор қаратилган.
–Ўзбекистон ижтимоий давлат сифатида мустақил тараққиёт сари дадил одимлай бошлади,–деди ишончли вакил. – Бу жараённинг ҳуқуқий асосини янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 1-моддасида белгиланган қоидалар ташкил этади. Номзодимизнинг дастурида кучли ижтимоий сиёсат юритишда аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари яшаш шароитини янада яхшилашга қаратилган қатор ғоялар илгари сурилмоқдаки, бу ҳам мамлакатимизнинг ижтимоий давлат эканини кенг намоён этиб, эҳтиёжманд оилалар турмуш даражасини оширишга хизмат қилади.

Учрашувда номзоднинг сайловолди дастурида белгиланган муҳим йўналишлар тўғрисида фикр алмашилди. Тадбир қатнашчиларини сайловда фаол иштирок этишга чақирилди.
Президентликка номзод Улуғбек Иноятовнинг ишончли вакили Мавжуда Ҳасанова сайловолди тарғибот тадбирини Узун туманидаги 2-касб-ҳунар мактабида давом эттирмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири