Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Абдушукур Ҳамзаевнинг Сурхондарё вилоятидаги ишончли вакили сайловчилар билан учрашувлар ўтказмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Ангор туманидаги 1-болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтди.
Учрашувда ишончли вакил Иброҳим Ёқубов номзоднинг сайловолди дастурида белгиланган асосий йўналишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.
–Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Абдушукур Ҳамзаевнинг сайловолди дастури партиянинг мақсад ва вазифаларига ҳамоҳанг ҳолда ишлаб чиқилган,–деди ишончли вакил.–Унда мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, табиий ресурслардан самарали ва оқилона фойдаланиш, “яшил” иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш орқали аҳолимизнинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқариш асосий мақсад этиб белгиланган. Халқимиз ва келажак авлод учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, фаровон жамиятни барпо этишга алоҳида аҳамият берилган.

Номзоднинг “Яшил тараққиёт учун!” шиори остидаги сайловолди дастурида шунингдек, шаҳарлар бош режаларини тузишда камида 30 фоизли яшил майдонлар яратиш талабини мустаҳкамлаш, шаҳарсозлик фаолиятида жамоатчилик назоратини кучайтириш, норматив ҳужжатларни қабул қилишда атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш тизимини жорий этиш каби ташаббуслар илгари сурилган. Давлат экологик сиёсатининг устувор йўналишларини белгилашга қаратилган “Барқарор экологик ривожланиш Стратегияси” ни, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш истиқболларини белгилашга йўналтирилган “Яшил энергетика Стратегияси” ни қабул қилиш, сувдан самарали фойдаланиш ва унинг маҳсулдорлигини оширишга қаратилган миллий дастурни ишлаб чиқиш каби қатор таклифлар илгари сурилган.
Тадбирда сўзга чиққанлар номзоднинг сайловолди дастуридан ўрин олган муҳим ҳаётий масалаларга эътибор қаратди. Давлат ва жамият фаровонлиги, халқимиз ободлигини таъминлаш билан боғлиқ ташаббуслар ўртага ташланаётгани таъкидланди. Бундай ғоялар юртимиз ривожи, аҳолининг тинч, тотув ва тўкин ҳаёти йўлида муҳим омил бўлиши қайд этилди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири