Шу кунларда барча ҳудудларда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари иштирокида учрашувлар бўлиб ўтмоқда.
Навоий вилояти Кармана туманидаги “Жалойир” маҳалла фуқаролар йиғинида Президентликка Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Улуғбек Иноятовнинг ишончли вакили Бахтиёр Тошев билан учрашув ўтказилди.
Ишончли вакил йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништириб, сайловолди дастурининг асосий мақсад ва вазифаларига тўхталди.

Номзод дастури Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг сайловолди дастури устувор ғоя ва мақсадларига асосан кўп минг сонли аъзолари, бошланғич ташкилотлари, барча даражадаги депутатлар, электорат ва кенг жамоатчилик вакиллари фикр-мулоҳазалари, таклифларига мувофиқ шакллантирилган.

Дастурда мамлакатимизда ижтимоий адолат, тенглик ва халқ ҳокимиятчилиги мезонларига мос келадиган демократик ижтимоий давлатни барпо этишга алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, дастурда ҳар бир шахснинг уй-жой, коммунал хизматлар, замонавий таълим ва малакали тиббий ёрдам, маданият ва спорт, муносиб иш ҳақи олишга бўлган ҳуқуқларини адолатли ва тенг таъминлаш, ногиронлиги бўлган шахслар, ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича муҳим қонунларни қабул қилиш ва уларни амалда ижросини таъминлаш энг муҳим масала сифатида илгари сурилган.
Учрашувда сўзга чиққанлар сайловчиларни жорий йилнинг 9 июль куни бўлиб ўтадиган сайловда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Улуғбек Иноятовга овоз беришга чақирди.
А.Бўриев, ЎзА