Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида Ўзбекистон Экологик партиясидан Президентликка номзод Абдушукур Ҳамзаевнинг ишончли вакили Моҳира Ходжаева сайловчилар билан учрашди.
Ишончли вакил сайловчиларни номзоднинг сайловолди дастури билан таништирди. Жумладан, давлат экологик сиёсатининг устувор йўналишларини белгилашга қаратилган “Барқарор экологик ривожланиш Стратегияси”ни қабул қилиш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш истиқболларини белгилашга қаратилган “Яшил энергетика Стратегияси” ни қабул қилиш, сувдан самарали фойдаланиш ва унинг маҳсулдорлигини оширишга қаратилган миллий дастурни ишлаб чиқиш, қатор халқаро ҳужжатларга аъзо бўлиш каби таклифлар алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, номзоднинг сайловолди дастурида мамлакатимизда иқтисодиётни ислоҳ қилишга қаратилган бир қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилмоқда. Хусусан, “Яшил виза” дастурини жорий этиш, тармоқлар ва ҳудудларнинг “яшил иқтисодиётга ўтиш индекси”ни ишлаб чиқиш, юк ташишни йирик машиналардан темир йўлларга ўзгартиришга қаратилган чоралар алоҳида эътироф этилди. Шаҳарлар бош режаларини тузишда камида 30 фоизли яшил майдонлар яратиш талабини мустаҳкамлаш, шаҳарсозлик фаолиятида жамоатчилик назоратини кучайтириш, норматив ҳужжатларни қабул қилишда атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш тизимини жорий этиш каби эътиборга молик ташаббуслар илгари сурилди. Шунингдек, қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилишга қаратилган таклифларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Учрашувда сўзга чиққанлар Президентликка номзод Абдушукур Ҳамзаевнинг сайловолди дастуридан ҳаётий муҳим масалалар ўрин олгани, халқимиз, жамиятимиз, давлатимиз фаровонлиги билан боғлиқ ташаббуслар илгари сурилаётгани, ушбу ташаббуслар бугунги кундаги долзарб муаммолар ечимига йўналтирилган бўлиб, уларни амалга ошириш мамлакатнинг барқарор ривожланишига, халқнинг фаровон ҳаётига замин яратишини таъкидлади.
А.Мусаев, ЎзА.