French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ишончли электр таъминоти – замонавий ечимларга йўл очади
11:41 / 2025-09-30

Замонавий саноат корхоналарининг барқарор ишлашида электр энергияси асосий омил ҳисобланади. Айниқса, мураккаб ва кўп босқичли технологик жараёнлар амалга ошириладиган металлургия тармоқларида энергия таъминоти нафақат ишлаб чиқариш самарадорлигини, балки бутун тизимнинг узлуксизлиги ва хавфсизлигини таъминлайди.

Хусусан, Олмалиқ кон-металлургия комбинати таркибидаги 3-Мис бойитиш фабрикаси электр таъминоти жиҳатидан мамлакатимиздаги энг йирик ва стратегик аҳамиятга эга саноат объектларидан бири сифатида эътироф этилади. 

Фабрикада электр энергияси асосан Ўзбекистон миллий электр тармоқлари орқали, “Янги Ангрен” ва “Сирдарё” ишлаб чиқариш электр станцияларидан келувчи қувватлар ҳисобига таъминланади. Ушбу манбалардан олинадиган энергия “Тукет” 500/110 кВ нимстанцияси ва 8-подстанция 110/35 кВ ҳаво тармоқлари орқали фабрикага узлуксиз етказиб берилади. 

Корхонадаги барча технологик жараёнларнинг барқарор ишлаши учун 3 та 110/10 кВ ва 1 та 35/10 кВ бош пасайтирувчи подстанциялар қурилган бўлиб, улар орқали 8 та 100 МВА, 2 та 63 МВА ҳамда 2 та 16 МВА куч трансформаторлари ишга туширилган. Мазкур трансформаторлар ёрдамида асосий ва ёрдамчи цехлар 0,4 кВ ҳамда 10 кВ кучланишдаги электр энергияси билан таъминланиб, ишлаб чиқариш жараёнлари узлуксиз давом эттирилади. 

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ерда электр таъминоти марказлашган ҳолда автоматлаштирилган диспетчерлик бошқарув тизими – “Energy Power Management System” орқали назорат қилинади. Ушбу замонавий ечим инсон омилининг таъсирини минимал даражага туширади. Иш жараёнида ортиқча энергия сарфини олдини олади, электр тармоқлари ва ускуналар ҳолатини узлуксиз мониторинг қилиш имконини беради. 

3-Мис бойитиш фабрикасида электр таъминотининг замонавий ва ишончли ташкил этилиши фақат техник зарурат эмас, балки стратегик аҳамиятга эга омил ҳисобланади. Сабаби қуввати юқори бўлган майдалаш ва флотация ускуналари, насослар, автоматлаштирилган назорат тизимлари ҳамда бошқа кўплаб технологик қурилмалар барқарор энергиясиз ишлаши мумкин эмас. 

Хулоса қилиб айтганда, 3-МБФда жорий этилган электр таъминоти тизими замонавий ечимларга асосланган бўлиб, у нафақат “Олмалиқ КМК” АЖ, балки мамлакат саноат сектори миқёсида ҳам муҳим стратегик аҳамият касб этади. Барқарор энергия таъминоти фабриканинг узлуксиз ишлаб чиқариш жараёни ва юқори самарадорлиги гарови ҳисобланади. 

А.Мусаев, ЎзА