Ишончга муносиб бўлиш – янги марраларга бошлайди
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига ташрифи давомида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишди, аҳоли билан мулоқот қилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига ташрифи давомида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишди, аҳоли билан мулоқот қилди. Бу вилоят аҳлининг кучига-куч, ғайратига-ғайрат қўшиб, уларни янги марралар сари руҳлантирмоқда.Давлатимиз раҳбари ташриф давомида бизнинг корхонамизда ҳам бўлиб, фаолиятимиз билан танишди, режаларимиз билан қизиқди, корхонани янада ривожлантириш бўйича маслаҳат ва тавсиялар берди.
Корхонамиз 2004 йилда аҳолига маиший хизмат кўрсатиш йўналишида 5 ишчи билан фаолият бошлаган. Мамлакатимизда яратилган шароит ва имкониятлар самарасида фаолиятимиз йилдан-йил кенгайиб борди ва айни пайтда 50 дан ортиқ ишчи меҳнат қилмоқда.
Бир гектарлик замонавий иссиқхонамиз “Ҳамкорбанк”нинг вилоят филиалидан олинган 500 минг долларлик кредит ҳисобидан ташкил этилган. Хориждан келтирилган юқори самарадорликка эга замонавий ускуналар билан ишлашни қишлоғимиз ёшлари қисқа муддатда ўзлаштириб олди.
Президентимиз иссиқхонани кўздан кечирар экан, “Бу ахир мўъжиза-ку, бойлик-ку!”, деди. Бир дона помидорни қўлига олиб ҳидлаб кўрди. Сўнг табассум билан “Ўзимизнинг жайдари помидорнинг ҳиди келаяпти” деганида кўнглим тоғдек кўтарилди, ўзимни дунёдаги энг зўр деҳқон, деб ҳис этдим.
Энди иссиқхона ҳақида икки оғиз. Бу ерда помидорнинг Голландиядан келтирилган серҳосил “Аламина” нави етиштирилади. Жанубий Корея технологияси асосида барпо этилган иссиқхонанинг бошқалардан фарқи шундаки, уруғ ерга эмас, кокос ёнғоғи пўстига экилади. Кўчат 100 кунда ҳосилга киради. Бир дона помидор 300 граммдан 500 граммгача тош босади. Ушбу навдан Европа давлатларида бир марта ҳосил олинса, йилнинг 300 куни қуёшли бўлган жаннатмонанд юртимизда икки марта ҳосил олиш имконияти бор.
Ховос туманида ер ости сизот сувлари жуда яқин, шу сабабдан бундай технологияда маҳсулот етиштириш ғоят самарали. Бир гектар майдондан йилига 150-200 тонна помидор олиш мумкин. Ҳозир ярим гектар майдонда дастлабки пишиб етилган маҳсулотни йиғиб олдик. 43 минг долларлик помидор Россияга экспорт қилинди.
Яна бир жиҳати, бу технологияда кўчат тагини юмшатиш, чопиқ қилиш ва бошқа шу каби оғир қўл меҳнати талаб қилинмайди. Ишнинг асосий қисми компьютер орқали амалга оширилади. Иссиқхонадаги ҳарорат, намлик даражаси, томчилатиб суғориш усули, ўғитлаш, иссиқ ва совуқдан, намлик кўпайиб ё камайиб кетишидан ҳимояловчи пардаларни очиб-ёпиш, қозонхонада кўмир ёқиб иситиш каби юмушларни ҳам атиги 3-4 киши – агроном ва операторлар компьютер ёрдамида бажаради.
Қўл меҳнати фақат икки-уч жараёнда талаб қилинади. Уруғни экиш, ҳосилдорликни ошириш мақсадида баргларни чеканка қилиш, кўчатларга ип тортиш ва пишиб етилган ҳосилни териб олиш юмушларини уч сменада меҳнат қилаётган ишчиларимиз бажаради.
Мабодо электр тизимида узилиш бўлса, махсус генераторлар 4 дақиқада автоматик равишда ишга тушади ва электр узатилгач, яна автоматик тарзда ўзи тўхтайди. Ўғит ва минераллар, сув соладиган махсус идиш, қозонхона ва умуман барча жиҳозлар хориждан келтирилган.
Президентимиз иссиқхонани яна 2 гектарга кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлайдиган завод, чорвачилик, балиқчилик, лимончилик комплекслари ташкил этиш бўйича лойиҳамиз билан ҳам танишди. Иссиқхонани 10 гектарга кенгайтиришни тавсия қилди. Бошқа жойларда ҳам шундай иссиқхоналар ташкил этиш, бу ишга қўл урмоқчи бўлган тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади.
Мамлакатимизда ишлайман, оиламга, эл-юртга наф келтираман, деганга барча шароит бор. Турли имконият ва имтиёзлар берилмоқда. Бундан фойдаланиб, биз ҳам корхонамиз қошида иссиқхонадан ташқари, турли қурилиш материаллари савдоси ва ишлаб чиқариш комплекси барпо этганмиз. Ёғочни шартнома асосида Россиядан ўзимиз кесиб олиб келамиз, қайта ишлаймиз ва арзон нархларда бозорга чиқарамиз.
Чорвачилик фермамизда бўрдоқига боқилган 187 бош наслли қорамолни давлатга сотдик. Энди замонавий чорвачилик комплекси қурмоқчимиз. Голландия ва Польшадан наслли қорамол келтириш бўйича шартнома тузганмиз.
63 гектар ерда деҳқончилик қиламиз. Унинг 15 гектарига пахта, қолган қисмига чорва учун арпа, беда, маккажўхори экилган.
Ўтган йили 42 гектар майдонда кўл ташкил этиб, сазан, дўнгпешона, оқ амур каби балиқ турларини парваришлаяпмиз. Корхонамиз ўтган йили 500 миллион сўм соф даромад олди.
Буларнинг барчаси мустақиллик туфайли, Президентимиз раҳнамолигида тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоққа саноатни олиб кириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир. Ота-боболари бир умр ердан бош кўтармай ишласа-да, қора қозони аранг қайнаган мендек бир деҳқоннинг мана шундай мулкдор бўлиши, иқтисоди ривожланган давлатлар билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиши бировнинг тушига кирганми?! Йўқ, албатта. Мустақиллик шарофати билан бугун ўз меҳнати ортидан мулкдор бўлаётган юртдошларимиз эҳ-ҳе, қанча. Мен шуларнинг биттасиман, холос. Ва бундан фахрланаман.
Давлатимиз раҳбари юртимизнинг турли ҳудудларида бўлиб, янги лойиҳалар билан танишаётгани, ишбилармонларнинг ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаётгани кўнглимизни тоғдек кўтармоқда. Бундан-да улкан марралар сари руҳлантирмоқда. Энди ҳамма гап ўзимизда қолди. Астойдил меҳнат қилиб, эл-юрт ривожи, халқимиз дастурхони тўкис бўлишига ҳисса қўшишимиз, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътиборга муносиб жавоб беришимиз керак.
Собир Шокиров,
Ховос туманидаги
“Ҳожи Гадойбой ота” хусусий
корхонаси раҳбари.