ФОТОРЕПОРТАЖ
Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида истиқомат қилувчи Фарҳод Бекимбетов асаларичилик соҳасида кўп йиллик тажрибага эга тадбиркор сифатида танилган. Ота касб сифатида бошланган машғулот бугун барқарор даромад манбаига айланган.
Айни пайтда у 550 та асалари қутисида бол ари парваришламоқда. Мавсум давомида ҳар бир уядан ўртача 15–20 килограмм асал олиниб, йил якунида 300–400 килограмм сифатли маҳсулот етиштирилмоқда.
Тадбиркор асаларичилик билан чекланиб қолмасдан, ушбу соҳа учун зарур бўлган асалари уялари, рамкалар ва асбоб-ускуналарни ҳам ўз қўли билан тайёрламоқда. Бу ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ва маҳсулот сифатини оширишга хизмат қилмоқда.
[gallery-27441]
Фарҳод Бекимбетовнинг асалари қутиси Қораўзак, Тахтакўпир ва Хўжайли туманларида ҳам жойлашган. У асалчиликни табиат билан уйғун фаолият сифатида олиб бориб, соҳада амалий тажрибаси билан бошқаларга ҳам ўрнак бўлиб келмоқда.
Қувонарлиси, тадбиркор 50 нафардан ортиқ шогирд етиштирган бўлиб, улар бугун мустақил равишда асалчилик билан шуғулланмоқда. Унинг фарзандлари ҳам ота касб сир-асрорларини пухта ўзлаштириб, оилавий тадбиркорликни давом эттирмоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА