Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ишни таълим билан бирга олиб борувчи ходимлар учун кафолат ва компенсациялар
17:46 / 2023-06-09

Меҳнат кодексига асосан иш берувчи меҳнат шартномаси бўйича ишдан ажралмаган ҳолда таълим ташкилотларида ўқитилаётган, қайта тайёрлашдан ёки малака оширишдан ўтаётган, шунингдек, ишлаб чиқариш таълимини ўтаётган ходимларга иш ва ўқишни бирга олиб бориш учун зарур шарт-шароитларни яратиши шарт.

Хўш, бу ҳолатда ишдан ажралмаган ҳолда таълим ташкилотларида таҳсил олаётган ходимларга қандай кафолатлар берилади? Мазкур ўзгаришлар хусусида Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Муҳриддин Шамсиддинов қуйидагиларни сўзлаб берди. 

– Меҳнат кодексининг 383-моддаси 2-қисмига биноан меҳнат шартномаси бўйича ишдан ажралмаган ҳолда таълим ташкилотларида таҳсил олиб, ўқув режасини бажараётган ходимларга иш жойи бўйича ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ўқув таътили, қисқартирилган иш ҳафтаси ҳамда меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган бошқа кафолатлар берилади.

Мазкур модданинг 3-қисмига биноан меҳнат шартномаси бўйича таълим ташкилотларида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиётганларга йиллик меҳнат таътилларини иш берувчи уларнинг хоҳишига кўра, бакалавриат талабалари учун давлат аттестацияси ва битирув малака ишини ҳимоя қилиш, магистратура талабалари учун магистрлик диссертациясини ҳимоя қилиш вақтига ёхуд имтиҳонлар ва лаборатория-имтиҳон сессиялари вақтига тўғрилаб бериши шарт.  

Эътибор бериш керакки, модданинг 4-қисмига кўра умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, олий таълим ташкилотларида, кадрларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтларида (курсларида) меҳнат шартномаси бўйича ишдан ажралмаган ҳолда ўқиётган, ишга янги қабул қилинган ходимлар учун, агар улар ўз йиллик меҳнат таътилларини бакалавриат талабалари учун давлат аттестацияси ва битирув малака ишини ҳимоя қилиш, магистратура талабалари учун магистрлик диссертациясини ҳимоя қилиш вақтига ёхуд имтиҳонлар ва лаборатория-имтиҳон сессиялари вақтига мослаштиришмоқчи бўлса, уларнинг хоҳишига кўра, йиллик меҳнат таътили мазкур иш берувчидаги меҳнат фаолиятининг олти ойи тугагунига қадар берилади.  

– Ходимларга кириш имтиҳонлари учун ҳам таътил бериладими?

– Албатта, Меҳнат кодекснинг 384-моддасига биноан кириш имтиҳонларида иштирок этишга рухсат берилган ходимларга олий таълим ташкилотларига кириш имтиҳонларини топшириш учун камида ўн беш календарь кун муддатга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилади. Таълим ташкилотлари жойлашган ерга бориш ва қайтиб келиш вақти бу ҳисобга кирмайди.  

– Кечки ёки сиртқи таълим шакли бўйича таълим олаётган ходимлар учун қандай кафолатлар ва компенсациялар мавжуд?

– Меҳнат кодексининг 385-моддаси 1-қисмида кечки ёки сиртқи таълим шакли бўйича таълим олаётган ходимлар учун кафолатлар ва компенсациялар назарда тутилган бўлиб, унга кўра олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ташкилотларида кечки ёки сиртқи таълим шакли бўйича ўқиётган ходимларга лаборатория-имтиҳон сессияларида иштирок этган давр учун ўқув таътиллари олий таълим ташкилотларида кечки таълим шаклида ўқиётган биринчи ва иккинчи курс талабаларига камида йигирма календарь кун берилади.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ташкилотларида ўн календарь кун, олий ва ўрта махсус таълим ташкилотларида сиртқи таълим шаклида ўқиётганларга эса ўттиз кун, олий таълим ташкилотларида кечки таълим шаклида учинчи ва ундан юқори курсларда ўқиётганларга камида ўттиз календарь кун берилиши лозим.

Шунингдек, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ташкилотларида камида йигирма календарь кун, олий ва ўрта махсус таълим, касб ҳунар таълими ташкилотларида сиртқи таълим шаклида ўқиётганларга эса камида қирқ календарь кун муддатга ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ҳар йили берилади.

Эътибор қаратиш лозим бўлган яна бир жиҳат шуки, меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилганига нисбатан давомийлиги кўпроқ бўлган ўқув таътиллари назарда тутилиши мумкин.

Ишни ўқиш билан бирга олиб бораётган ходимларга навбатдаги меҳнат таътиллари улар ўқув таътилларидан фойдаланганлигидан қатъи назар берилади. 

– Иш берувчи йўл ҳақини ҳам тўлашга мажбурми?  

– Меҳнат кодексининг 385-моддаси 4-қисмига асосан, иш берувчи олий таълим ташкилотларида сиртқи таълим шаклида таҳсил олаётган ходимларга лаборатория-имтиҳон сессиясида иштирок этиш учун таълим ташкилоти жойлашган ерга бориши ва у ердан қайтиб келиши учун йилига бир марта йўлкира ҳақининг эллик фоизидан кам бўлмаган миқдорини тўлайди. Давлат аттестациясидан ўтиш учун худди шундай миқдорда йўлкира ҳақи тўланади.  

– Бундай кафолатлар иккинчи марта тегишли даражадаги таълим олаётганда ҳам бериладими?  

– Йўқ. Чунки Меҳнат кодексининг 386-моддасига мувофиқ ишни ўқиш билан бирга олиб бораётган ходимларга кафолатлар ва компенсациялар биринчи марта тегишли даражадаги таълим олаётганда берилади. Мазкур кафолатлар ва компенсациялар, шунингдек, тегишли даражадаги таълим олган ҳамда иш берувчи томонидан ички ҳужжатлар, меҳнат шартномаси ёки иш берувчи ва ходим ўртасида тузилган алоҳида келишувга мувофиқ таълим олишга юборилган ходимларга ҳам берилиши мумкин.  

Ишни бир вақтнинг ўзида таълим фаолиятини амалга оширувчи икки ташкилотдаги ўқиш билан бирга олиб бораётган ходимга фақат ушбу ташкилотларнинг бирида (ходимнинг танловига кўра) олаётган таълими муносабати билан кафолатлар ва компенсациялар берилади.  

– Ўқув таътили иш стажига қўшиб ҳисобланадими?  

–Ушбу Кодекс 383-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган меҳнат шартномаси бўйича ишдан ажралмаган ҳолда таълим ташкилотларида таҳсил олиб, ўқув режасини бажараётган ходимларнинг ўқув таътили иш стажига қўшиб ҳисобланади.  

Гулноза Бобоева, ЎзА