Қишлоқ хўжалигига Австрия технологиялари жалб этилади
Мутахассисларнинг таъкидлашича, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигининг пасайиши, баъзи ҳолларда эса бутунлай бой берилиши сув тақчиллиги муаммоси билан боғлиқ.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигининг пасайиши, баъзи ҳолларда эса бутунлай бой берилиши сув тақчиллиги муаммоси билан боғлиқ. Бу вазиятни бартараф этиш учун суғориш тизимида тежамкор технологияларни жорий этиш, ҳар бир томчиси тиллога тенг оби-ҳаётни беҳуда исроф бўлишининг олдини олиш талаб этилади.
Шу сабабдан сўнгги йилларда юртимизда қишлоқ хўжалиги соҳасига сувтежамкор, энергиятежамкор технологиялар тобора кўпроқ жалб этилмоқда.
Куни кеча Оҳангарон туман ҳокимлигида чорвачилик комплекслари ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида ўтган семинар ҳам айнан мана шу мавзуга бағишланди.
Унда томчилатиб суғориш усули ўзининг юқори самарадорлиги, яъни сув ресурслари чекланганлик шароитида кам сув сарфлаб, барқарор юқори ҳосил олиш имконини бериши билан ажралиб туриши, шунингдек, тупроқнинг намлиги ва уни яратиш учун берилаётган сув миқдори бошқарилган ҳолда, сув ҳар бир экиннинг маълум даврдаги эҳтиёжига мос равишда дала бўйлаб бир текисда тақсимланиши ҳақида фикр юритилди.
Тадбирда Австрия давлатининг BAUER GmbH компанияси томонидан мамлакатимиз фермерлари учун таклиф этаётган лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди.
90 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган ушбу компания ўзида 17 та компанияни бирлаштирган бўлиб, сувтежамкор ва энергиятежамкор технологияларни дунё бўйлаб жорий этишда илғорлар қаторида туради. Айни дамда мазкур компания мамлакатимизнинг Тошкент, Жиззах, Сирдарё ва Наманган вилоятларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишни мақсад қилган.
BAUER GmbH компанияси томонидан ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун кластер ва фермер хўжаликларига қулай шартлар асосида, хусусан, фоиз ставкаси 4 фоиз, дастлабки бадал 10 фоиз бўлган, 2 йил имтиёзли давр билан 10 йил муддатга лизинг шартномалари таклиф этилмоқда.
Мазкур технологияларни жорий этиш орқали суғоришдаги тежамкорлик 40 фоизгача, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари сарфи 30 фоизгача, қўл меҳнати эса 90 фоизгача қисқаради. Технологиянинг эксплуатация даври эса 20-25 йилгача.
Мутахассисларнинг фикрича, ёмғирлатиб суғориш тизимларини йўлга қўйиш орқали ғалла ҳосилдорлиги 15 фоизга, маккажўхори, беда, мошники 20 фоизга, картошка эса 25 фоизга ортади.
Ушбу лойиҳа тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Ўйлаймизки, туманимизга замонавий технологияларни жалб этиш орқали юқори ҳосилдорликка эришиш билан бир қаторда, айни кунда долзарб бўлиб турган сув танқислиги муаммосига ҳам барҳам берилади.
Элёр ЎТБОСОВ,
Оҳангарон туман ҳокимлиги
Ахборот хизмати раҳбари.