Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги фаолияти муҳокама этилди
17:24 / 2019-11-15

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг жорий йил тўққиз ойи мобайнидаги фаолияти таҳлил қилинди.

Қишлоқ хўжалиги мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан бири ҳисобланади. Унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши қарийб 16,3 фоизни ташкил қилади. Бугунги кунда қишлоқ хўжалигида 82 мингга яқин фермер хўжалиги 3 миллион гектардан ортиқ ерда деҳқончилик қилиб, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари ва саноатни хомашё билан таъминлаб келмоқда.

Шу боисдан мазкур соҳани янада тараққий эттириш, айниқса, аграр соҳа маҳсулотларини Ўзбекистон ҳудудида тўлиқ қайта ишлашни йўлга қўйиш муҳим масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Тешаевнинг қайд этишича, вазирлик томонидан жорий йилда бир қатор ишлар амалга оширилган. Жорий йил якуни бўйича 10 минг 640 дона қишлоқ хўжалиги техника ва агрегатлари келтириш режалаштирилган. 2019 йилда соҳанинг техника билан таъминланганлик кўрсаткичи 93 фоизни ташкил этади.

Маҳсулотларни совутгичли омборларда сақлаш имкониятларини кенгайтириш мақсадида ҳозирда 180,6 минг тонна қувватга эга 286 янги совутгичли сиғимларни ташкил этиш дастури ишлаб чиқилди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ҳисобот даврида 8,5 миллион тонна сабзавот, 2,7 миллион тонна мева, 7,1 миллион тонна дон маҳсулотлари етиштирилди.

Соҳага ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш мақсадида “Ягона электрон ахборот маркази“ ташкил этилди. Agroonline.uz портали ишга туширилди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт ҳажми ҳам ортиб бормоқда. Жорий йилнинг январь-октябрь ойларида 1,1 миллиард долларлик мева-сабзавотлар экспортга йўналтирилди. 2019 йилда илк бор эртаки картошка экспорт қилинди.

Жорий йилда республикада 61 янги пахта-тўқимачилик кластери ташкил этилди. Ҳозирда умумий ер майдони 18 минг гектар бўлган 63 мева-сабзавот кластери фаолият юритмоқда. Мазкур кластерлар 175,7 минг тонна маҳсулотни қайта ишлаш қувватига эга.

Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепциясини амалга ошириш доирасида фойдаланишдан чиққан жами 59,4 минг гектар ер, шундан 42,7 минг гектар суғориладиган экин ерлари ҳамда 16,7 минг гектар лалми ерлар фойдаланишга қайтарилган.

Шунингдек, паст ҳосилли пахта ва ғалладан қисқарган, лалми ва адирлик майдонларида ҳамда яроқсиз боғ ва токзорларда жами 31,2 минг гектар интенсив боғлар, 24,1 минг гектар токзорлар ва 568 гектар майдонда иссиқхоналар ташкил этилган.

Шу билан бирга, ўрганиш натижасида вазирлик фаолиятида бир қатор камчиликлар борлиги аниқланган. Хусусан, вазирлик томонидан 2019 йилда амалга оширилиши зарур бўлган 39 вазифа белгиланган бўлиб, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида бажарилиши белгиланган 18 топшириқдан 5 таси амалга оширилмаган. Жумладан, экспорт талабидан келиб чиқиб, сабзавот ва полиз экинлари, картошка майдонларини жойлаштириш ва экиш вазифаси белгиланган муддатда тўлиқ бажарилмаган.

Бундан ташқари, 2018 йилда амалга оширилган 71 инновацион илмий ишланманинг камида 30 фоизини, яъни 22 ишланмани тижоратлаштириш мақсадида Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилот ҳамда корхоналар билан биргаликда “Йўл харита”ларини ишлаб чиқиш белгиланган.

Бироқ мазкур мезон ижроси юзасидан вазирлик томонидан жорий йилда тижоратлаштириладиган 22 илмий ишланма рўйхати шакллантирилган бўлса-да, тегишли вазирлик ва идоралар, манфаатдор ташкилот ҳамда корхоналар билан биргаликда “Йўл харита”лари белгиланган тартибда ишлаб чиқилмаган. Мазкур камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.

Мажлисда 2020 йилда қилиниши белгиланган вазифаларга ҳам тўхталиб ўтилди. Хусусан, кейинги йилда пахта хомашёсини етиштириш 100 фоиз кластер усулига ўтказилади. 33 уруғчилик, 143 ғаллачилик кластери ташкил этилиши режалаштирилган. Шунингдек, мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманларда 2-3 тадан кооперациялар ташкил этилади. Ер майдонларини фойдаланишга киритиш бўйича инвестицион дастур ишлаб чиқилиб, дастурга мувофиқ, 77 минг гектар ер қайта фойдаланишга киритилади.

Йиғилишда республикамиз ҳудудларининг тупроқ унумдорлиги, ерларнинг зарарланганлик даражаси, сув таъминоти ва бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда, қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш ва илмий-иқтисодий асосланган тизимини ишлаб чиқиш лозимлиги қайд этилди.

Шунингдек, ҳудудларда унумдор ерларни талон-тарож қилиш ёки асоссиз бериб юбориш ҳолатларини назорат қилиш бўйича аниқ тизимли ишларни йўлга қўйиб, вазирликнинг ҳудудлардаги бошқармаларида “Ер назорати” отрядларини тузиш ва март ҳамда август ойларини ер назорати ойлиги этиб белгилаш лозимлиги таъкидланди.

Мажлисда кўриб чиқилган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.