Қишлоқ аёллари шарафланди
Сурхондарёда 15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари кунига бағишлаб тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Сурхондарёда 15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари кунига бағишлаб тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, мавқеини мустаҳкамлаб, юртимизда юз бераётган ўзгаришларга дахлдорлик ҳиссини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Бу жараёнда қишлоқ аёлларининг ҳам бугунги ҳаётидан рози бўлиб яшаши учун барча замонавий шароитларни яратиш белгилангани ҳақида фикр алмашилди.
Аёллар жамиятимизнинг нафис гултожи сифатида эъзозланаётган юртимизда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, оналар ва болалар соғлиғини сақлаш, билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, гендер тенглиги, меҳнат муҳофазаси, ёрдамга муҳтож аёлларга манзилли имкониятлар яратиш, уй-жой билан таъминлаш, ҳаётда муносиб ўрнини топишига кўмаклашиш каби муҳим йўналишларда юз бераётган янгиланишлар бунга яққол далилдир.
Маълумотга кўра, вилоятда мавжуд 622 мингдан ортиқ оиланинг 491 мингтаси қишлоқларда жойлашган. Айни пайтда вилоят қишлоқларида 1 миллион 300 мингдан ортиқ аёл истиқомат қилиб, қишлоқ жойлардаги аҳоли сонида уларнинг улуши 49,5 фоизни ташкил этади.
Мазкур рақамлар ҳам Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида давлат ва жамоат ташкилотларининг асосий эътиборини қишлоқ жойларга қаратишни кучайтирди. Шунга мувофиқ қишлоқлар инфратузилмасини тубдан янгилаб, “Обод қишлоқ” дастури доирасида йирик ҳажмдаги ишлар бошланди. Замонавий уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда. Ҳудуднинг салоҳиятидан келиб чиқиб, даромад манбаи яратилаётир. Хотин-қизлар учун муносиб иш ўринлари ташкил этилмоқда.
–Албатта, бугунги аёлнинг, айниқса, қишлоқ аёлининг барча муаммоси ечилиб, ҳал бўлди деган хулосадан мутлақо йироқмиз, – дейди вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Усмон Турапов.– Бугун ҳам қишлоқларда аввало аёллар ҳаётида ечимини кутаётган муаммолар, камчиликлар, етишмовчиликлар талайгина. Лекин, уларни босқичма-босқич ҳал этиш бўйича тегишли вазифаларни белгилаб олганмиз. Шу мақсадда қишлоқларда ҳам шаҳарникидан қолишмайдиган шароитлар яратилаётир.
Аграр ҳудуд сифатида дунёга танилган жанубдаги воҳа хотин-қизлари қишлоқлардаги таълим, тиббиёт, турли хизматлар кўрсатиш тармоқлари ва замонавий ишлаб чиқариш корхоналарида меҳнат қилмоқда. Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва маҳаллаларни обод қилишда фаол иштирок этмоқда. Шунингдек, аграр соҳани ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшаётир. Хусусан, воҳа қишлоқ хўжалигида банд бўлган аҳолининг 43,3 фоизи хотин-қизлардир.
Тантанали тадбирда қишлоқ аёллари шарафланиб, оилалар тинчлиги ва ободлиги, юртимиз фаровонлиги йўлида фидойилик кўрсатаётгани, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, умуммиллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаётгани учун чуқур миннатдорлик билдирилди. Вилоят ҳокимлигининг қимматбаҳо совғалари топширилди. Санъаткорларнинг қизиқарли концерт дастури намойиш этилди.

