Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ишлар сарҳисоб этилди
16:44 / 2015-08-20

Миллий матбуот марказида “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти томонидан мустақиллик йилларида тизимда амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Миллий матбуот марказида “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти томонидан мустақиллик йилларида тизимда амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз иқтисодиётининг энергетика тармоғида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида Ўзбекистон энергия бўйича ички эҳтиёжларни тўлиқ таъминлаб, уни экспорт қиладиган давлатга айланди.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда истеъмолчилар сони 2,5 миллионга, иқтисодиёт тармоқларининг электр энергияси истеъмоли 445,6 миллион киловатт-соатга кўпайди.

“Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти томонидан янги электр энергетика объектларини қуриш, ишлаб турганларини замонавий талаблар даражасида реконструкция ва модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани истеъмолчиларни электр энергияси билан барқарор таъминлаш, қувватларнинг ортишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Янги Ангрен иссиқлик электр станциясида 300 мегаватт ва Талимаржон ИЭСда 800 мегаватт қувватга эга янги энергия блоги, Навоий ИЭСда 478 мегаваттли замонавий буғ-газ ҳамда Тошкент иссиқлик электр марказида 27 мегаваттли когенерацион газ-турбина қурилмалари ишга туширилди.

Узунлиги 167,5 километрлик Янги Ангрен ИЭС – Ўзбекистон, 197 километрлик Ғузор – Сурхон, 123 километрлик Сирдарё ИЭС – Янги Ангрен ИЭС, 215 километрлик Талимаржон ИЭС – Сўғдиёна нимстанциялари сингари линиялар фойдаланишга топширилди.

Ўтган даврда электр станцияларининг қуввати 1,5 миллион киловатт-соат, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 1,5 миллиард киловатт-соат, электр тармоқларининг умумий узунлиги 38,2 минг километрга ошди.

Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида умумий қуввати 900 мегаваттни ташкил этадиган иккита буғ-газ қурилмали иссиқлик электр станцияси қурилмоқда. Жорий йилнинг охиригача Тошкент иссиқлик электр станциясида 370 мегаваттли шундай қурилма лойиҳаси бўйича қурилиш-монтаж ҳамда газ турбинасини йиғиш ишларини якунлаш кўзда тутилган.

– Табиий ресурсларни тежаш ва рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида “Жиззах” махсус индустриал зонасида қуёш коллекторларини ишлаб чиқарувчи “Қуёш иссиқлик энергияси” ҳамда светодиодли чироқлар ишлаб чиқарувчи “Ёрқин чироқлар” қўшма корхоналари ташкил этилди, – дейди “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти бошқарма бошлиғи ўринбосари Ш.Умрзоқов. – Шунингдек, Самарқанд, Сурхондарё ва Наманган вилоятларида ҳар бири 100 мегаватт қувватига эга қуёш электр станциялари қурилиши режалаштирилган.

2020 йилга қадар ишлаб турган 19 ГЭСни модернизациялаш ишлари кўзда тутилган. Бунинг натижасида 100 мегаваттга яқин қувват барпо этилиб, қўшимча 450 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Тадбирда “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти томонидан хорижий инвестицияларни жалб қилиш, энергетика тизимини янада такомиллаштириш истиқболлари ҳақида сўз юритилди. Журналистлар саволларига мутахассислар томонидан жавоб қайтарилди.