English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ишлаб чиқарувчилар учун янги имкониятлар
13:52 / 2022-10-13

Олмалиқ шаҳридаги ОКМК спорт мажмуасида Тошкент вилояти ҳокимлиги ва Олмалиқ кон-металлургия комбинати ҳамкорлигида “Инновация, маҳаллийлаштириш, кооперация, “Шатакка олиш”, импортни қисқартириш” мавзусида саноат ярмаркаси бўлиб ўтди.

Тадбирда 300 дан зиёд маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, улардан 62 таси ўзлаштирилган 1000 дан ортиқ ўз маҳсулотларини акс эттирувчи стендлари билан иштирок этди. Шунингдек, комбинат томонидан импорт қилинаётган 2500 дан ортиқ маҳсулотлар кўргазмаси намойиш этилди. Комбинат қувватлари асосида ишлаб чиқарилаётган 200 дан ортиқ маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар, илм фан ва инновацион технологиялар маҳсулотлари тақдим этилди. 

Ярмарка давомида В2В форматида учрашувлар ташкил этилиб, унда ОКМК техник талабларига жавоб берадиган маҳаллийлаштирилган маҳсулотларни ўзлаштириш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди. 2026 йилгача маҳаллийлаштириш дастури доирасида инновацион лойиҳалар, илмий соҳадаги ихтиролар, ўзлаштирилган маҳсулотлар ва маҳаллийлаштирилган маҳсулотларнинг янги турларини чиқариш бўйича тақдимотлар ўтказилди. 

“Ёшлик-1 конини ўзлаштириш” инвестициявий лойиҳаси доирасида қурилаётган “Машинасозлик заводи” ва ОКМК билан ҳамкорликда барпо этилаётган “Олмалиқ қуюв-механика заводи” бўйича батафсил маълумот берилди. Шунингдек, юк ортиш қуввати 130 тоннадан 220 тоннагача бўлган кон автосамосвалини «Nurafshon Maxsus Texnika» МЧЖ маҳаллий ишлаб чиқарувчиси билан ишлаб чиқаришни ўзлаштириш бўйича ҳам тақдимот ўтказилди. Бундан ташқари, 2030 йилгача янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун технологик ускуналарга бўлган эҳтиёж,  янги 3-мис ва 4-мис бойитиш фабрикалари ҳамда металлургия мажмуасининг кенгайиши ҳисобига комбинат эҳтиёжлари тўғрисида ҳам маълумот берилди.  

“Шатакка олиш” механизми бўйича комбинат қўллаб-қувватлаши натижасида бир қатор маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан янги импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ўзлаштирилади. Масалан, “Олмалиқ қуюв-механика заводи” МЧЖ томонидан 36 турдаги маҳсулот, “Nurafshon Maxsus Texnika” МЧЖ томонидан  юк кўтариш қуввати 130 тоннадан 220 тоннагача бўлган кон автосамосвалини ишлаб чиқариш, “Deutsche innovationen technologie AGMK” МЧЖ томонидан полимер ва геокомпозит маҳсулотлар, “Ulug’bek Ferrum” МЧЖ томонидан – ферромарганец ва феррохромли концентратлар, “Quyoshcha Nuri” МЧЖ томонидан эса – экскаваторлар учун  КМД-200 зирҳлари, эҳтиёт қисмлар, жамланмалар ишлаб чиқарилади. 

Таъкидлаш жоизки ОКМКда Маҳаллийлаштириш дастури ижроси асосан Марказий таъмирлаш механика заводи, Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш бўйича Илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси ҳамда Рух заводи томонидан амалга оширилади. 2021 йилда маҳаллийлаштириш Дастурига асосан 87 та лойиҳа доирасида 217,2 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида  эса 222,7 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланган. Маҳаллийлаштириш дастурига қўшимча равишда жорий йилда 28,2 миллиард сўмлик 11 та янги лойиҳаларнинг тармоқ жадвали тасдиқланиб ишлаб чиқариш бошланган. 

– 32 та янги турдаги лойиҳалар асосида 49 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш амалга оширилди, – дейди ОКМК Маҳаллийлаштириш бўлими бошлиғи Дилшодбек Холдоралиев. – “Қаттиқ қотишмали маҳсулотлар – парма ва кескичлар”, “Тош майдалаш тегирмони қопламаси”, “Юқори ҳароратга чидамли керамик маҳсулотлар”, “Вольфрам ангидриди”, “Янчиш ускунасининг зирҳлари”, “Қуйма маҳсулотлар”  шулар жумласидандир. 

Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, саноат кооперацияси алоқаларини ривожлантириш доирасида ҳамда импорт ҳажмини қисқартириш мақсадида жами 1,1 триллион сўмлик маҳсулотларни харид қилиш бўйича шартномалар тузилган. Шундан кооперация портали орқали жами 727,3 миллиард сўмлик шартномалар имзоланди. Импорт маҳсулотлари ҳажмини мақбуллаштириш бўйича тармоқлараро саноат кооперацияси алоқаларини кенгайтириш натижасида ҳисобот даврида 65,2 миллион долларга импорт ҳажми қисқартирилди. Йил якунига қадар 88,1 миллион долларга қисқартирилиши кутилмоқда. 

– Илм-фанни ишлаб чиқаришга интеграцияси натижасида ОКМКда бир қатор янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилди, – дейди ОКМК Фан ва инновация бўлими бошлиғи Мирзааҳмад Эрманов. – Жумладан, 2019 йилда палладий металлини, 2021 йилда рений металлини соф ҳолда олинишига муваффақ бўлдик. Шунингдек, 2022 йил июль ойида молибден металли соф ҳолда олинди. 2022 йилнинг июль ойида эса платина металлини ишлаб чиқариш технологияси учун муаллифлик ҳуқуқи қўлга киритилди. Бугунги кунда ОКМК 7 та маҳсулот ишлаб чиқариш технологиясига оид муаллифлик ҳуқуқини қўлга киритган. 

Президентнинг 2022 йил 6 июлдаги “2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ОКМКда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, қарор бўйича 2022-2024 йилларда 16 та 6 398 миллион сўмлик илмий-тадқиқот ишлари олиб борилиши белгиланган. Ҳозирда 3 783 миллион сўмлик 7 та илмий-тадқиқот шартномалари имзоланган.  2022-2026 йилларда 6 та 6500 миллион сўмлик “драйвер” инновацион лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган. Шунингдек, қарорда 2022-2023 йилларда республикамизнинг тадқиқот институтлари томонидан амалга ошириладиган 9 459,4 миллион сўмлик инновацион тадқиқот ишларини бошқа корхоналар  билан биргаликда молиялаштириш ишлари кўзда тутилган. Ҳозирда 3 919,4 миллион сўмлик 9 та илмий-тадқиқот ишлари молиялаштирилган. 

Ярмаркада Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан 326 турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш бўйича 961,7 миллиард сўмлик меморандумлар имзоланди. 

Ярмарканинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари Галина Саидова, Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, ОКМК бошқаруви раиси, сенатор Абдулла Хурсанов иштирок этди. 

 

ОКМК ахборот хизмати.

ЎзА