Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш импортни камайтиради
09:13 / 2022-03-17

Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 11 март куни саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштиришни янада кенгайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ички имкониятларни ишга солиш, импорт ўрнини босадиган маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш бўйича вазифалар белгиланган эди.

Самарқанд вилоятида ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар танқидий таҳлил этилди.

Қайд этилишича, 2021 йил маҳаллийлаштириш дастури доирасида вилоятда 47 та лойиҳа бўйича 857 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, белгиланган прогноз икки баробар ортиғи билан бажарилган. Бироқ, иккита лойиҳа бўйича ҳалигача ишлаб чиқариш бошланмаган. Вилоят ҳокими бу лойиҳалар 2022 йилги дастурга ҳам қўшилганини маълум қилиб, туман ҳокимлари уларни тезроқ ишга тушириш чорасини кўришлари зарурлигини таъкидлади.

– Маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқаришнинг 91,7 фоизи вилоятнинг учта ҳудудига, яъни Самарқанд шаҳрида 71,8 фоиз, Нуробод туманида 10,3 ва Ургутда 9,6 фоизга тўғри келмоқда – деди Э.Турдимов. – Қолган ҳудудларда ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар мутлақо қониқарсиз. Булунғур, Оқдарё, Пайариқ ва Тойлоқ туманларида бу борада бирорта лойиҳа амалга оширилмаганини қандай изоҳлаш мумкин?

Маълумотларга кўра, 2022 йилда маҳаллийлаштириш дастури доирасида вилоятда 577,4 миллиард сўмлик 64 та лойиҳа бўйича маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган. Лойиҳаларнинг 37 таси ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва 27 таси импорт ўрнини босадиган, янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган. Афсуски, бу борада ҳам камчилик ва муаммолар етарли. Хусусан, Оқдарёда маҳаллийлаштириш лойиҳаси режалаштирилмаган бўлса, Каттақўрғон шаҳри, Булунғур, Нарпай, Пахтачи, Тойлоқ ва Қўшработ туманларида биттадан лойиҳа режалаштирилган холос.

Муҳокама якунида ҳокимлар, сектор раҳбарлари ҳафтанинг душанба ва сешанба кунлари саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш ва маҳаллийлаштириш билан шуғулланиши, ушбу масала ҳар ойда бир марта вилоят ҳокими раҳбарлигида танқидий муҳокама этилиши белгиланди.

 

Ғ.Ҳасанов, ЎзА