Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ишлаб чиқариш ҳажми ортмоқда
12:15 / 2024-09-22

Бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётини янада юксалтиришда “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ Марказий кон бошқармасининг ҳам улуши бор. Бошқарма бош муҳандиси Зафар Шарипов мухбиримизга кейинги йилларда корхонада амалга оширилган ишлар, ишлаб чиқаришга татбиқ этилаётган инвестиция лойиҳалари ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:

– Кейинги йилларда йиллик ишлаб чиқариш қуввати 33 миллион тоннани ташкил этувчи 5- ва 7-гидрометаллургия заводи барпо этилди ва 2-гидрометаллургия заводининг қуввати 12 миллион тоннага оширилди. Бунинг натижасида Марказий кон бошқармасида қарийб 9,7 мингта янги иш ўрни яратилди. Маъданни қайта ишлаш режаси жорий йилнинг 8 ойи давомида 101,7 фоизга, қимматбаҳо металлларни ишлаб чиқариш 102,5 фоизга бажарилди. Тоғ жинсларини қайта ишлаш ва нодир металлларни ишлаб чиқариш ҳажми эса йилдан-йилга ортмоқда.

Инвестиция дастури доирасида корхонамизда ҳам кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, комбинат бўйича жорий йилда амалга оширилиши кўзда тутилган 1 миллиард АҚШ долларлик қийматга эга 11 лойиҳанинг катта қисми, яъни, 319,1 миллион АҚШ доллар бўлган 8 та инвестицион лойиҳа кон бошқармамиз ҳиссасига тўғри келмоқда.  

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 182,1 миллион АҚШ долларлик капитал қўйилмалар ўзлаштирилди. “Йўл транспорти ва муҳандислик-коммуникацион инфратузилмаси” ҳамда “Марказий кон бошқармаси объектларида қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш” лойиҳалари доирасида тегишли объектлар фойдаланишга топширилди. Натижада ишлаб чиқариш объектларида 2,35 миллион квт соат электр энергиясини иқтисод қилинишига эришилди.  

Айни пайтда манзилли дастур доирасида “Мурунтов” конида Шимолий-шарқий даврий оқим технологияси мажмуаси ҳамда 3-сонли конвейер линиясини кенгайтириш ишлари олиб борилмоқда.

Шимолий-шарқий даврий оқим технологияси мажмуасида тоғ жинсларини ташиш линиясини кенгайтиришга 104,4 миллиард сўм маблағ сарфланди. Ҳозирда янги конвейер, электр линиялари, қўшимча ағдарма майдонини қуриш, ағдарма конвейер линиясини 1,1 минг метрга узайтириш ишлари давом этмоқда. Мазкур лойиҳанинг тўлиқ қувватда ишга тушиши келгусида тоғ жинсларини ташиш ҳажмини йилига 15 миллион кубометрга оширади. Худди шундай 2-конвейер линиясини кенгайтириш учун 194,4 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, шу даврга қадар фойдаланишда бўлган 3003 метрлик линияга қўшимча тарзда минг метрдан зиёд янги линия қурилади. Лойиҳанинг тўлиқ амалга оширилиши йилига 15 миллион кубометр тоғ жинсларини ташиш имконини беради.  

Йил якунига қадар “Олтинни уюмда эритмага ўтказиш цехи”да маъдан омборини қуриш”, “Балпантов” ва “Томдибулоқ” конлари негизида қазиб олиш каръерларини қуриш”, “Турбай” конини ўзлаштириш учун қазиб олиш ва қайта ишлаш қувватларини кенгайтириш”, “Шарқий Мурунтов” оҳактош конида майдалаш-саралаш заводи ва каръер қуриш”, “Мурунтов” кони ишчи-ходимлари учун маиший комплекс қурилиши” ва “Бессопан ҳудудидаги H-сонли ҳарбий қисмда 250 ўринли клуб қурилиши” каби лойиҳаларни амалга ошириш мўлжалланган. Мазкур лойиҳалар тўлиқ қувватда фойдаланишга топширилгач, “ОУЭЎЦ” конида маъдан қайта ишлаш ҳажми йилига 14 миллион тоннага етказилади. “Балпантов” ва “Томдибулоқ” конларидан йилига 3 миллион тонна маъдан, “Турбай” конидан йилига 2 миллион тонна тоғ жинслари қазиб олинади ҳамда янги иш ўринлари яратилади.

Кон бошқармасининг истиқболини кўзлаб, режага мувофиқ “Мурунтов” конининг 5-навбати, “Амударё - Зарафшон сув қувурининг 3-линиясини қуриш ва насос станцияларини реконструкция қилиш”, “2-ГМЗ ва 7-ГМЗ чиқиндиларини биргаликда сақлаш учун 2-ГМЗ чиқинди омборини кенгайтириш ва реконструкция қилиш” сингари лойиҳалар бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.  

Бу ишларни амалга оширишда кон бошқармасининг соҳада катта тажриба тўплаган капитал қурилиш бўлими, қурилиш дирекцияси, таъмирлаш-қурилиш участкаси жамоалари ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Улар муҳим инвестиция объектларини ўз вақтида ва сифатли қуриб битказиш йўлида астойдил меҳнат қилиб, комбинат ютуқларига муносиб ҳисса қўшмоқда.  

А.Бўриев, ЎзА мухбири