Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ишлаб чиқариш базаси ишга туширилди
17:48 / 2025-11-13

Сирдарё туманида дунёга машҳур, Хитой Халқ Республикасининг LESSO Group компаниясига қарашли “LESSO Ўзбекистон ишлаб чиқариш базаси” расман ишга туширилди. Янги ишлаб чиқариш мажмуаси маҳаллий саноат салоҳиятини ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва аҳоли учун янги иш ўринларини яратишга хизмат қилади.

Тантанали очилиш маросимида туман ҳокими Азизбек Турдимуродов, хорижий инвесторлар, корхона раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди. Замонавий талабларга мос равишда қурилган корхона биноларида ишлаб чиқариш жараёнлари энергия тежамкор ва экологик тоза технологиялар асосида йўлга қўйилган.

Тадбирда сўзга чиққан туман ҳокими Азизбек Турдимуродов лойиҳанинг аҳамияти ҳақида тўхталар экан, шундай деди:

– LESSO Group каби халқаро нуфузга эга компаниянинг Сирдарё туманида ишлаб чиқариш базасини очиши бу нафақат туманимиз, балки бутун вилоятимиз саноати учун муҳим воқеадир. Янги завод фаолияти орқали қурилиш соҳаси замонавий, экологик тоза ва энергия тежамкор маҳсулотлар билан таъминланади. Энг муҳими, бу ерда юзлаб иш ўринлари яратилиб, ёш мутахассисларимиз хориж тажрибаси асосида ишлаш имкониятига эга бўлишади, – деди ҳоким.

Лойиҳа халқаро миқёсда фаолият юритаётган LESSO Group компанияси томонидан амалга оширилмоқда. Янги ишлаб чиқариш базасида қурилиш ва муҳандислик инфратузилмаси учун қувур тизимлари ҳамда полимер материаллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу нафақат ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, балки экспорт салоҳиятини кенгайтириш имконини ҳам яратади.

LESSO Group — қувур тизимлари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги етакчи компаниялардан бири ҳисобланади. 1986 йилда ташкил этилган бу компания қувур тизимлари, қурилиш ва уй-жой материаллари ҳамда янги энергия ечимларини ишлаб чиқариш соҳаларида фаолият юритади.

Ҳозирда компания дунё бўйича 70 дан зиёд ишлаб чиқариш базасига эга бўлиб, маҳсулотлари 150 дан ортиқ мамлакатларга экспорт қилинади. Унда 1000 дан зиёд илмий ходимлар фаолият юритади, йиллик савдо ҳажми эса 4,38 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.

Сирдарёда барпо этилган “LESSO Ўзбекистон ишлаб чиқариш базаси” компаниянинг Марказий Осиёдаги муҳим стратегик лойиҳаларидан бири ҳисобланади. Унинг ишга туширилиши натижасида маҳаллий ишлаб чиқариш салоҳияти мустаҳкамланади, экспортбоп маҳсулотлар тури кенгаяди ва хорижий сармояларни жалб этиш имкониятлари янада ортиши кутилмоқда. Шу билан бирга, мазкур корхона фаолияти туманнинг инвестиция жозибадорлигини ошириб, саноат соҳасида янги қиймат занжирларини шакллантиришга хизмат қилади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири