French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ишлаб чиқарилишида нуқсони бўлган янги “Malibu 2” автомобилининг зарари қоплаб берилдими?
11:07 / 2022-04-29

Белгиланган қонунчиликка кўра, истеъмолчининг ҳуқуқлари бузилган тақдирда, у судга мурожаат қилишга ҳақлидир.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига келиб тушган мурожаатга кўра, 2021 йилнинг май ойида сотиб олинган янги “Malibu 2” автомобилининг эгаси қисқа муддат ичида двигателида муаммолар борлигини пайқади. Истеъмолчи автомашинани харид қилган  “Lion motors” МЧЖ нинг дилерлик марказига мурожаат қилишга қарор қилди. Дилерлик вакиллари автомобиль двигателини очиб, кўрикдан ўтказишди. Уларнинг сўзларига кўра, автомобиль двигателини носоз ҳолга келишига сифатсиз бензин сабаб бўлган. 

Агентликнинг Тошкент вилояти ҳудудий тузилмаси ходимлари томонидан ҳолат ўрганилганда истеъмолчи мурожаатида кўрсатилган фактлар ўз тасдиғини топди. Жорий йилнинг 26 февраль куни “Driver’s Village Auto Service” МЧЖ сервис марказида ўтказилган техник кўрик натижаларига кўра, буюртмачининг “Malibu 2” русумли автомашинасида двигателнинг ишлаб чиқаришдаги нуқсонлари аниқланди. Кафолат муддатига кўра, двигатель янгисига алмаштирилди ва муаммо бартараф этилди. 

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига асосан нуқсонли товар сотилганда истеъмолчи, агар бу ҳол шартнома тузиш пайтида айтиб ўтилмаган бўлса, ўз хоҳишига қараб товарни айни шундай маркали (моделли, артикулли) мақбул сифатли товарга алмаштириб олиши ёки товарни бошқа маркали (моделли, артикулли) шундай товарга алмаштириб, унинг харид нархини тегишинча қайта ҳисоб-китоб қилиши мумкин.  

Шунингдек, истеъмолчи товарнинг нуқсонларини бепул бартараф этиш, харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтириш ҳамда шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қоплаш кабиларни талаб қилишга ҳақли. 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА