Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ишлаб чиқарилганига 50 йил ва ундан ортиқ бўлган транспорт воситалари ҳисобдан чиқарилади ёки “антиквар” автомототранспорт воситаси сифатида қайд этилади
11:18 / 2026-01-22

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасини рақамлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, ишлаб чиқарилганига 50 йил ва ундан ортиқ бўлган транспорт воситаларини ҳисобдан чиқариш ёки “антиквар” автомототранспорт воситаси сифатида қайд этиш, шунингдек, умумий вазни (юки билан) 44 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобиллари ҳамда конларда, шахта ва карьерларда қўлланиладиган махсус транспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиси жорий этилади. 

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ягона автоматлаштирилган ахборот тизимининг “Ma’muriy amaliyot” модули масъул вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларига интеграция қилинади. 

Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий ишлар билан боғлиқ маълумотлар ЙҲХХ ҳузуридаги Маъмурий амалиёт маркази ва ҳудудий марказлар ходимлари томонидан ЯААТнинг “Ma’muriy amaliyot” модули орқали олинади. 

2026 йил 1 февралдан бошлаб: 

умумий вазни (юки билан) 44 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобиллари ҳамда конларда, шахта ва карьерларда қўлланиладиган махсус транспорт воситалари, юридик шахсларга тегишли йўналишсиз таксилар, шунингдек, “антиквар” автомототранспорт воситалари учун алоҳида серияли рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари жорий этилади; ишлаб чиқарилганига 50 йил ва ундан ортиқ бўлган транспорт воситаларидан фойдаланиш, уларни қайта рўйхатга олиш тақиқланади ҳамда улар давлат рўйхатидан чиқарилади (“антиквар” автомототранспорт воситалари бундан мустасно); 

в) автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномада автомототранспорт воситаси мулкдорининг манзилини кўрсатиш талаби бекор қилинади; 

г) автомототранспорт воситасини давлат рўйхатидан ўтказишда қуйидаги ҳужжатларни ваколатли органлардан идоралараро электрон ҳамкорлик орқали олиш йўлга қўйилади: 

автомототранспорт воситасининг олди-сотди шартномаси ва бошқа нотариал тасдиқланган битимлар; 

“Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш” АЖ томонидан берилган аукцион баённомалари; 

давлат улуши мавжуд корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган автомототранспорт воситаларига бериладиган электрон ҳисоб-маълумотлар; 

автомототранспорт воситаси мулкдорининг маълумотлари (жисмоний шахс Ф.И.О., юридик шахс номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, манзили) ўзгарганини тасдиқловчи маълумотлар. 

Икки ой муддатда масъул вазирлик ва идоралар ўртасида йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий ишлар билан боғлиқ маълумотлар алмашинуви фақат электрон кўринишда “Электрон ҳукумат” тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси ёрдамида ЯААТнинг “Ma’muriy amaliyot” модули орқали амалга оширилиши йўлга қўйилади. Шунингдек, йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий ишлар билан боғлиқ ҳужжат ва маълумотлар ЯААТнинг “Ma’muriy amaliyot” модули ёрдамида олиниши таъминланади.

ЎзА