Ишлаб чиқарувчилар ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда
Фарғонада ўтказилган IX Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг вилоят ҳудудий босқичида икки юздан зиёд ишлаб чиқариш корхонаси ўз маҳсулотларини намойиш этди.
Фарғонада ўтказилган IX Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг вилоят ҳудудий босқичида икки юздан зиёд ишлаб чиқариш корхонаси ўз маҳсулотларини намойиш этди.Тадбирда маҳаллий хомашё асосида рақобатбардош, экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрлаш, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш, хусусий тадбиркорлик субъектларининг буюртмалар портфелини шакллантириш, уларнинг ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларни етказиб бериш бўйича тендер савдоларисиз ўзаро манфаатли шартномалар тузиши борасида кенг имкониятлар яратилаётгани таъкидланди.
Президентимиз раҳнамолигида ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” белгиси остидаги маҳсулотлар ўзининг юқори сифати билан халқаро бозорда тобора мустаҳкам ўрин эгаллаётир.
Анъанавий ўтказиб келинаётган ушбу ярмарка маҳаллий хомашё асосида рақобатбардош, экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришда йирик саноат корхоналарининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда. Товар ишлаб чиқарувчилар ўртасида ички ва тармоқлараро саноат кооперациясини янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Ярмаркада қурилиш, электр-техника, автосаноат йўналишларида фаолият кўрсатаётган корхоналарнинг янги турдаги маҳсулотлари намойиш этилди. “Моҳигул”, “Фар антикор инвест”, “Рўзматжон ота” масъулияти чекланган жамиятлари каби ишлаб чиқариш корхоналарининг маҳсулотлари иштирокчиларда, айниқса, катта қизиқиш уйғотди.
Риштон туманида ўтган йили иш бошлаган “Уста Обиджон” оилавий корхонасида маҳаллий хомашёдан тайёрланаётган мебеллар сифати, бежиримлиги ва арзонлиги билан харидорларга манзур бўлмоқда.
– Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди корхона раҳбари И. Шералиев. – Айниқса, оилавий тадбиркорлик борасидаги имтиёзлар бизни ғоя ва изланишларга ундамоқда. Айни пайтда 20 дан ортиқ турдаги маҳсулот тайёрламоқдамиз. Ярмаркада кўплаб шартномалар имзоладик, бу келгусида янги иш ўринлари яратиш имконини беради.
Ярмаркада 12 миллиард сўмликдан зиёд шартномалар имзоланди.