Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Ишингиз бўлмасин, хоҳласам кўчага ташлайман" ёхуд майсаларни "ҳидлаётган" тамаки қолдиқлари
16:07 / 2022-11-02

Бугун эрталаб ишга кетаётиб, автобус бекатигача бироз яёв юришимга тўғри келди. Йўл четидаги йўлакдан тамаки чекиб келаётган 40 ёшлардаги эркак, тамаки чиқиндиси, яъни «бычок»ни майсалар орасига улоқтирди.

— Нега чиқиндини кўм-кўк майсалар орасига ташладингиз, дедим азбаройи асабийлашганимдан.  

— Ишингиз бўлмасин, бу ер кўча, хоҳласам чиқинди ташлайман, хоҳламасам йўқ.  

Эркак билан бироз тортишдик. Айбини тан олишни истамагач, йўлимда давом этдим.  

Йигирма метр масофадан сўнг Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси республика телевидение ва радио коллежи ҳудудига етиб келдим. Коллеж атрофига боғбонлар турли-туман дарахтлар экишган, йўлаклар атрофи эса кўм-кўк майсалар билан қопланган. Афсус... 50 метрли йўлак ичидаги майсаларнинг деярли ҳаммасига тамаки чиқиндилари улоқтирилган. Тамаки чиқиндилари эски ёки янги ташланганини билиш учун майсалар орасини қўлим билан очиб қараб кўрдим. Аксарияти эрталаб ташланган, янги чиқиндилар. 

Коллеждан сўнг бекатгача маҳалла биноси, боғча, дўконлар, дорихона-ю кўп қаватли уйлар оралаб борар эканман, йўл четидаги майсалару дарахтларнинг таглари «бычок» билан тўлганига гувоҳ бўлдим.  

Бу Бектемир туманининг, нари борса, 200-300 метр чиқадиган ҳудудидаги ҳолат. Энди пойтахт кўча ва хиёбонларидаги майсаларга бир кунда улоқтирилган тамаки чиқиндиларини йиғса, қанча чиқишини тасаввур қилаверинг. Маълумотларга кўра, сигарет қолдиқлари чириши учун камида 10 йил вақт керак бўларкан. 

– Ҳисоб-китобларга кўра бир йилда дунё миқёсида ўртача 6 триллион дона тамаки донаси ишлаб чиқарилади, — дейди Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бўлим бошлиғи Умаржон Абдуллаев. — Ушбу тамаки чиқиндиларининг ўртача 3 ярим триллион донаси чиқинди сифатида табиатга, яъни тупроққа ташланади. Бу чиқиндининг 766 миллион килограммини шахсий чиқинди сифатида ҳисобласак ҳам бўлаверади.  

Тамаки чиқиндиси турли хил кимёвий зарарли моддалар, айниқса, оғир металлар, микропластиклардан иборат. Асосий қисми ацетилцеллюлоза толасидан ташкил топган бўлиб, пластикнинг бир тури ҳисобланади. Тамаки чиқиндиси тупроққа ташлангач, қуёш нурида чирийди. Натижада атрофга зарарли кимёвий моддалар тарқалиб, инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Ўсимлик ва ҳайвонларнинг зарарланишига сабаб бўлади. Демак, бу чиқиндининг турган-битгани одамзотга ҳам, табиатга ҳам зиён. 

Хабарингиз бор, жорий йилнинг октябрь ойи охирларида Ўзбекистон ҳаво ифлосланиши бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллади. Ҳатто бу борада Ҳиндистонни ҳам ортда қолдирдик.  

Биз ҳаво ифлосланиши бўйича олдинга чиқиб олишимизга омил бўлаётган сабаблар ҳақида жуда кўп бонг урдик. Бу жумбоқли, ечими йўқ масала эмаслигини ҳам биламиз. Бизнинг ўзимиз яшаётган ҳудуддаги яшилликка нисбатан меҳримиз ортмас, эътиборимиз шаклланмас, масъулиятимиз кучаймас экан, демак, табиат ҳам бизга шунга яраша жазо тайинлашини унутмаслигимиз керак.  

 Нигора Раҳмонова, ЎзА.