Жиззах вилоятида ёшларни иш билан таъминлаш борасидаги тизимли ишлар яна бир амалий натижа билан бойиди.
Зомин туманидаги “Навоий саноатни ривожлантириш комплекси” махсус саноат паркининг “Artel Electronics Zomin” корхонасида очиқ эшиклар куни иккинчи бор ўтказилмоқда.

Тадбирда мамлакатимизда саноатни модернизация қилиш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан кенг маълумотлар берилди. Қатнашчилар корхонанинг ишлаб чиқариш жараёнлари, замонавий технологиялар ва меҳнат шароитлари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишди.
Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев ташаббуси билан ташкил этилган ушбу навбатдаги очиқ эшиклар кунида 1500 нафар ёш иштирок этди.

Мутахассислар томонидан бўш иш ўринлари, талаб этиладиган малака ва меҳнат шартлари ҳақида батафсил тушунтирилди.
Энг муҳими – 850 нафар ёш ишга жойлашиш учун рўйхатдан ўтди ва улар билан меҳнат шартномаларини расмийлаштириш жараёни бошлаб юборилди. Бу эса вилоятда ёшлар бандлигини таъминлаш ва саноатда янги кадрлар сафини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирларнинг амалдаги ёрқин ифодаси бўлди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири