Мажбурий ижро бюросининг Сирдарё вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Жумладан, суд ҳужжатлари асосида ишга тиклаш ва иш ҳақларини ундиришга оид ижро ҳужжатлари алоҳида назоратга олинган.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида амалга оширилган ижро ҳаракатлари натижасида ноқонуний равишда ишдан бўшатилган 24 нафар ходим ўз иш жойига қайта тикланди. Бу эса фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари қонуний асосда тикланишига хизмат қилди.
Шу билан бирга, 59 та ижро ҳужжати бўйича фуқаролар фойдасига жами 1,1 миллиард сўмдан ортиқ иш ҳақи ундириб берилиши таъминланди.
Масалан, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ижро ҳужжатига асосан, Сирдарё туманидаги “Asaka MI” масъулияти чекланган жамиятидан ходим фойдасига ўз вақтида тўланмаган 46,6 миллион сўм иш ҳақи ундириб берилди.
– Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш — бизнинг асосий вазифамиздир. Ишга тиклаш ва иш ҳақларини ўз вақтида тўлаб бериш борасидаги ишлар қатъий назоратда давом эттирилади, – дейди Мажбурий ижро бюроси катта инспектори Дилмурод Эшбоев.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири