Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ишга қабул жараёни ижтимоий тармоқлар орқали эфирга узатилмоқда
19:32 / 2021-09-07

Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган давлат дастурига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан давлат органлари ва ташкилотларига ишга қабул қилишни очиқ танлов асосида амалга ошириш ҳамда танлов доирасида ўтказиладиган синов тадбирларини Интернет тармоғи орқали онлайн эфирга узатиш тартиби тест режимида йўлга қўйилди.

Хусусан, давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали (https://vacancy.argos.uz) орқали ўтказилаётган очиқ мустақил танловларнинг тест синовлари ва суҳбат босқичи жараёнлари YouTube тармоғида онлайн эфирга узатилмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот хизматидан хабар беришларича, тelegram тармоғи орқали давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг ҳудудий бўлинмаларидаги мавжуд вакант лавозимлар, танлов жараёнлари ҳамда ғолиблари ҳақидаги маълумотлар доимий эълон қилиб борилмоқда. Бунда жараённи бир неча каналлар орқали кузатиш имкони мавжуд. Вакансиялар портали канали — t.me/vacancy_argos, очиқ танловлар ғолиблари канали — t.me/vacancy_winners, очиқ танловлар жараёнини кузатиш — t.me/vacancyonline шулар сирасидандир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ҳам мазкур масалага алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, унда давлат фуқаролик хизматига очиқ танлов асосида ишга қабул қилиш ҳамда ходимларнинг касбга оид сифатлари ва алоҳида хизматлари (меритократия тамойили) асосида хизмат поғоналарида кўтарилиши, давлат хизматчиларини ижтимоий ҳимоя қилишнинг шаффоф механизмларини жорий этиш ҳамда уларнинг аниқ вазифаларини белгилаш Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вазифаларидан бири сифатида келтирилган.

 

Сайёра Шоева.