French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ишга қабул қилишдаги шаффофлик ижобий самаралар бермоқда
13:23 / 2025-06-24

Андижонда мамлакатимизда давлат фуқаролик хизмати соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳани рақамлаштириш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали томонидан ташкил этилган ва оммавий ахборот воситалари, давлат, нодавлат ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари иштирок этган анжуманда кейинги йилларда мамлакатимизда давлат фуқаролик хизмати соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, кадрлар сиёсатида рақамлаштириш жараёнлари, ишга қабул қилишнинг очиқ ва адолатли механизмларини жорий этиш, кадрларнинг малакасини ошириш ва захирага олиш йўналишларида амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган натижалар ҳақида кенг маълумот берилди.

Анжуманда 2022 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуни соҳадаги ислоҳотлар учун ҳуқуқий асос вазифасини ўтаётганлиги, агентликнинг вилоят филиали томонидан амалга оширилган ишлар натижасида давлат фуқаролик хизматига кириш жараёнида очиқ мустақил танлов механизмлари жорий этилганлиги алоҳида таъкидланди.

[gallery-24028]

– Танлов жараёнларида шаффофлик ва холислик принциплари устувор аҳамият касб этмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали раҳбарининг ўринбосари Ҳаётбек Акбаров. – Бу эса соҳага таниш-билишчилик ва коррупцион омилларнинг аралашувини чеклашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Умуман, давлат фуқаролик хизматларига ишга қабул қилишдаги шаффофлик ижобий самаралар бермоқда

Таҳлилларга кўра, шу кунга қадар давлат фуқаролик хизмати вакант лавозимларининг ягона очиқ портали (vacancy.argos.uz) орқали 6 минг 397 та вакант лавозимга танлов эълон қилиниб, уларда 115 минг 220 нафар номзод қатнашган, шундан 5 минг 755 нафари танлов ғолиби сифатида ишга қабул қилинган. Танлов ғолибларининг 30 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар, 11 фоизини давлат хизматини илк бор бошлаган фуқаролар, шунингдек, ғолиблар таркибида хотин-қизлар улуши 35 фоизни ташкил этади.

Анжуманда давлат хизматчилари учун яратилаётган шарт-шароитлар, кадрлар самарадорлигини баҳолаш, инсон ресурсларини бошқариш, миллий кадрлар захирасини шакллантириш ва мурожаатлар билан ишлаш йўналишларида амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди. 

Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимлари давлат фуқаролик хизмати соҳасида ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоблар олди. 

Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, Зуҳриддин УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА