Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ишдан ноқонуний бўшатилган ходим ўз лавозимига тикланди
10:39 / 2024-04-15

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) фуқароларнинг мурожаатлари асосида уларнинг ҳуқуқларини тиклашни давом эттирмоқда.

Фарғона вилоятидан фуқаро Г.А. Омбудсманга ишдан ноқонуний бўшатилгани ва меҳнат ҳуқуқларининг тикланишини сўраб мурожаат қилган.  

Мурожаатчининг қайд этишича, у Фурқат тумани камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш марказида бош мутахассис лавозимида ишлаб келган. Тизимдаги ўзгаришлар сабабли айрим вазифалар штат бирлиги билан бошқа давлат ташкилотига ўтказилган.  

Шундан сўнг малака талабига жавоб бермаслик важи билан фуқаро Г.А. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Омбудсман ахборот хизматидан хабар беришларича, мурожаат назоратга олинган. Фарғона вилоятидаги минтақавий вакили ва Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши билан биргаликда ўрганилган.  

Аниқланишича, мурожаатчи ишлаган лавозимнинг штат бирлиги ўтказилган давлат ташкилотига уни ишга жойлаштириш чоралари ҳам кўрилмаган. Унинг 10 йилдан буён ушбу вазифада ишлаб келгани, Қўқон университетида сиртдан таълим олаётгани ҳам инобатга олинмаган.  

Ишга тааллуқли ҳужжатлар тўпланиб, фуқаро манфаатида ишга тиклаш бўйича судга даъво аризаси киритилди.

Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг ҳал қилув қарори ва апелляция инстанциясининг ажрими билан иш берувчи зиммасига фуқаро Г.А.ни бош мутахассис вазифасига ишга тиклаш мажбурияти юклатилган. Мурожаатчи Г.А. ушбу лавозимга тикланиб, 5 ой мажбурий прогул кунлари ва етказилган маънавий зарар учун жами 39 миллион сўм ундирилиши белгиланган.  

Ҳозирда мурожаатчи аввалги лавозимида ўз фаолиятини давом эттирмоқда ва ундирилиши белгиланган сумма тўлиқ миқдорда тўлаб берилган.

Омбудсманга 3-сон Тергов ҳибсхонасида вақтинча сақланаётган судланувчи Н.К. фарзандларига васий тайинланишида ёрдам сўраб мурожаат қилган.  

Мурожаатчининг баён этишича, унинг 4 нафар фарзанди бўлиб, улардан 3 нафари вояга етмаган. Ҳозирда турмуш ўртоғи ҳам суд томонидан уй қамоғига олинганини, шу сабабли, фарзандларига васий тайинлаш ва уларга моддий ёрдам ажратилишида амалий ёрдамга муҳтожлигини маълум қилган.

Мазкур мурожаат Омбудсман назоратига олиниб, ҳолат Омбудсманнинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакили томонидан Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, тиббиёт бирлашмаси ҳамда туман ҳокимияти масъул вакиллари билан биргаликда жойига чиқиб ўрганилган.

Аниқланишича, судланувчининг фарзандлари ҳозирда турмуш ўртоғи ва унинг ота-онаси билан яшаб келмоқда. Ўрганиш жараёнида болалар билан суҳбатлашилди ва уларнинг шароитлари ўрганилди.

Натижада болаларга васий тайинлаш бўйича кўрилган чора тадбирлар натижасида уларга бувиси васий сифатида тайинланди. Ҳозирда бола пули тайинлаш чоралари кўрилмоқда.

 

Н.Абдураимова, ЎзА