Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ишда ривож, кинода сифат бўлиши йўлида муҳим қадам
14:57 / 2021-04-08

Кино санъатидек машаққатли, ўта мураккаб соҳа бўлмаса керак.

Сабаби унда адабиёт, тасвирий санъат, мусиқа, театр каби санъат турларининг ўзаро қоришиқлиги, вобасталиги, юзлаб ижодкорлар, техник мутахассисларнинг ҳамжиҳатликдаги меҳнатининг самараси намоён бўлади.

Ўзбек киноларининг оддий мухлиси сифатида мен ҳам кино ижодкорларимизнинг меҳнатини юксак қадрлайман ва кинематография дунёси вакилларининг бетимсол истеъдоди, ижодий салоҳияти, машаққатларни муносиб тарзда енгиб ўтиш қобилиятини алоҳида эътироф этаман. Айни пайтда ўтган йиллар давомида яна шунга ишонч ҳосил қилиш мумкинки, кино энг серғалва, жанжалли соҳа экани ҳам тобора яққолроқ аёнлашиб борди. Ажабки, ўзаро келишмовчиликлар, тушунмовчилик ва муносабатларни ойдинлаштириш авжига чиққани сайин кино яратишдаги сифат ҳам, натижа ҳам тобора салбий томонга қараб кета бошлади, десак янглишмаган бўламиз.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 7 апрель куни эълон қилинган «Кино санъати ва саноатини янги босқичга олиб чиқиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони ҳамда «Кинематография соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш ҳамда соҳа вакилларининг ижодий фаолияти учун муносиб шароит яратиш тўғрисида»ги қарори соҳадаги камчиликларни бартараф этиш, миллий кино санъатини янада равнақ топтиришда янги уфқларни очиб бериши шубҳасиз.

Ҳужжатлар матнида келтирилган сўзларни такрорлашдан, улардан намуна кўчириш фикридан йироқмиз. Аёнки, мазкур икки ҳужжатда киночилар меҳнатини муносиб қадрлаш, уларни фаол рағбатлантиришнинг амалий механизми жорий этилиши барча деталлари, икир-чикирлари батафсил баён этилган. Истаймизми-йўқми, санъатнинг ҳар қайси тури ўз-ўзича ривожланиб кетмайди. У барча замонларда ва бугун ҳам яхшигина ҳомийликка,  саховатга, моддий жиҳатдан қўллаб-қувватланишга эҳтиёж сезган. Кўнгилдагидек, мукаммал, пишиқ-пухта фильм яратиш учун эса яхшигина маблағ талаб этилади. Давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган фармонида эса томошабинга манзур бўладиган фильмлар, сериаллар яратишнинг моддий асослари атрофлича белгилаб берилган. Яхши кино баркамол кинематография тузилмаси, моддий-техник таъминот, жаҳон андозалари даражасидаги павильонлар, хуллас пухта ва ўта ҳимматли таъминотни талаб этади. Куни кеча қабул қилинган ҳужжатларда айни шу жиҳатлар ҳам эътиборга олингани диққатга сазовор.

Бир пайтлари ҳеч қайсимиз менсимаган ва «хонтахта» маҳсулотлар, деб атаган, бадиий савияси сариқ чақалик қимматга эга фильмлар қайсидир олғирларга мўмайгина даромад келтиргани маълум. Биз ҳеч кимни савияси паст картина яратишга ундамоқчи эмасмиз, лекин ўша мўмай пулдан фильмни яратган бутун жамоа бебаҳра, бенасиб қолгани ҳам киночиларнинг арзихолидан маълумдек эди.

Куни кеча қабул қилинган ҳужжатларда кино санъати ва индустриясининг барча жиҳатлари ипидан игнасигача, ҳатто фильмлар чиптаси маблағларининг ҳалол ҳисобланишигача инобатга олингани давлатимиз раҳбарининг мазкур соҳани, ундаги барча муаммолар, иллатлар, камчиликларни кинонинг энг етук мутахассиси, билимдони каби теран ва чуқур англашидан дарак беради.

Сифати ҳаминқадар фильмлар ортидан киношунослик, кинокартиналар таҳлили, уларнинг ютуқ ва камчиликларини рўй-рост очиб берувчи киношарҳлар ҳам йўқ бўлиб кетди, десак эҳтимолки янглишмаймиз. Негаки, сифатсиз фильмлар танқид у ёқда турсин, таҳлилга ҳам, тадқиққа ҳам, ҳатто изоҳга ҳам ярамайди. Ўзини ҳурмат қилган киношунос ҳам, томошабин ҳам паст савияли фильмни кўришдан тийилиши кундек равшан.

Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган ҳужжатлар пухта, бадиий баркамол, танқиду таҳлилга, киношуносу мухлис назарига илинадиган етук кино асарларининг яратилишига муҳим туртки беришига ишонамиз.

 Назокат Усмонова, ЎзА