Тошкент вилояти Камбағалликни қисқартириш бандлик бошқармаси томонидан ҳудудда меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш қонунчилигига риоя этилиши, ҳамда бахтсиз ҳодисаларнинг келиб чиқишини олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар тасдиқланган.
Шу асосида жойларда Давлат меҳнат инспекцияси мутахассислари корхона, муассаса ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда мутахассислар, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ўрганади. Шунингдек, бахтсиз ҳодисалар кўп содир бўлган тармоқлар билан меҳнат муҳофазаси, ногиронларни ижтимоий ҳимояси, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғуртаси масалалари ҳам алоҳида эътиборга олинган.
Иш жараёнида меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси қоидаларига амал қилиниши юзасидан мониторинглар олиб борилади. Аниқланган камчиликларни бартараф қилиш чоралари кўрилади. Мазкур ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси ҳамда Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ОАВлари иштирокида Янгийўл шаҳрида рейд тадбири ташкил этилди.
[gallery-27326]
Унда масъуллар томонидан меҳнат хавфсизлиги талабларига риоя этиш нафақат иш берувчининг мажбурияти, балки ишчининг ҳам ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишнинг асосий шарти эканига эътибор қаратди. Айниқса, кўп қаватли қурилиш объектларида хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш қонунбузарликларнинг олдини олишда ҳал қилувчи омилдир.
Рейд тадбирлари давомида айрим қурилиш объектларида ишчиларнинг норасмий ишлаётгани аниқланди. Маълумки, фуқаро ишга қабул қилинган кундан бошлаб, ҳатто, бир кун ишлаган тақдирда ҳам, у қонунчиликда белгиланган тартибда расмийлаштирилиши шарт. Акс ҳолда, бу меҳнат қонунчилигининг қўпол бузилиши ҳисобланади.
Маълумотларга кўра, ўтган йилда Давлат меҳнат инспекцияси томонидан аниқланган қарийб 4 минг нафар фуқаро расмий ишга жойлаштирилган. Бу рақамлар муаммо кўламини ҳам, уни бартараф этиш борасидаги амалий чораларни ҳам яққол кўрсатади.
Рейдлар чоғида ишчиларнинг махсус ҳимоя бош кийимларисиз ва шахсий муҳофаза воситаларисиз иш олиб бораётгани кузатилди. Аслида турли оғирликдаги қурилиш материаллари ҳар қандай вақтда ишчининг ҳаётига жиддий хавф туғдириши мумкин. Каска ва бошқа ҳимоя воситалари йўқлиги ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисалар эҳтимолини оширади.
Иш берувчилардан бири Юсуфжон Деҳқонбоевни таъкидлашича, ишчиларга иш бошлаш вақтида махсус кийим-бош ва анжомлар берилган. Бироқ, амалда бу талабларга доимий риоя этилмайди. Умуман олганда амалдаги қонун-қоидалар билан ишчиларни таништириш, ҳужжатларга имзо қўйдиришнинг ўзи етарли эмас. Мавжуд тартиб ва талабларнинг бажарилиши қатъий назоратда бўлиши лозим.
– 2025 йил давомида вилоятда ишлаб чиқариш билан боғлиқ 70 дан зиёд бахтсиз ҳодиса қайд этилган бўлиб, улардан 21 таси ўлим билан якунланган, 44 таси тан жароҳати билан якун топган, – дейди Меҳнат муҳофаза қилиш бўйича бош давлат техник инспектори Бекзод Қўчқаров. – Бундай ҳолатларда мансабдор шахсларга жиноят кодексининг 257-моддасига асосан жиноий иш қўзғатилиши белгиланган. Бу эса меҳнат муҳофазасига эътиборсиз оғир ҳуқуқий оқибатларга олиб келишини кўрсатади.
Шунингдек, рейд давомида ҳудуддаги яна бир тикувчилик фабрикасида ишчилар шароити кўздан кечирилди. Жараёнда 13 нафар ходим норасмий фаолият юритаётгани маълум бўлди. Шу бўйича корхона раҳбарияти ва ишчиларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Улар билан расмий равишда ишга меҳнат шартномаси топширилди.
А.Мусаев, А.Алижонов (сурат), ЎзА.