Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ишчиларнинг иш ҳақи ундирилди
15:54 / 2025-12-27

Сирдарё вилоятида адлия органлари аралашуви билан Туризм бошқармаси ходимларининг бузилган меҳнат ҳуқуқлари тикланди.

Хусусан, 2025 йилнинг январ–май ойларида иш ҳақи кам тўланган 8 нафар ходимга жами 24 миллион 103 минг сўмдан ортиқ маблағ тўлиқ ундириб берилиши таъминланди.

— Ушбу ҳолат Туризм бошқармаси ходимларининг мурожаати асосида вилоят адлия бошқармаси ходимлари томонидан қонуний тартибда ўрганиб чиқилди, — дейди Сирдарё вилояти адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Бобур Норбаев. — Ўрганишлар давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 23 июндаги Фармони билан тасдиқланган йўл харитаси талабларига риоя этилмагани аниқланган. 

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, Туризм қўмитасининг низоми тасдиқлангунига қадар соҳадаги ходимларга меҳнатга ҳақ тўлаш Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилиши лозим эди. Бироқ амалда ушбу тартиб тўлиқ таъминланмаган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 25 августдаги қарори билан туризм ва маданий мерос органлари ходимларининг лавозим разрядлари белгиланган бўлса-да, мазкур талаблар ҳам амалда бажарилмаган. Бу эса ходимларга иш ҳақининг белгиланган миқдордан кам ҳисобланишига сабаб бўлди.

Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан вилоят адлия бошқармаси томонидан Туризм бошқармасига тақдимнома киритилди. Натижада иш ҳақи қайта ҳисоблаб чиқилди ва ходимларга қонуний тартибда тўлаб берилиши таъминланди.

Ғулом Примов, ЎзА