Ишчи-ходимларнинг иш ҳақлари ундирилди
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига кўра иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ ушбу кодексда кўрсатилган муддатларда тўлаши шартлиги, меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа норматив ҳужжатда белгиланиши ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмаслиги кўрсатилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилояти Ромитан туманларо судининг 2023 йил 3 августдаги ижро ҳужжатига асосан қарздор “AGRO TRADE” МЧЖдан ундирувчи 6 нафар ишчи-ходим фойдасига жами 72.537.000 сўм иш ҳақи ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати МИБнинг Жондор тумани бўлими иш юритувига келиб тушган. Шу куннинг ўзида ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, ижро ҳаракатларига киришилган.
МИБ ходимлари томонидан амалга оширилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздор “AGRO TRADE” МЧЖдан ижро ҳужжатида кўрсатилган маблағлар ундирилиб, ундирувчи 6 нафар фуқаронинг банк пластик карталарига кўчириб берилган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири