Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ишчи хизматчиларга тўланмаган иш ҳақлари ундириб берилди 
11:43 / 2024-03-01

Яхши биламизки, қонунчилигимизда меҳнат ҳақи шакли ва тизимлари, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар, рағбатлантириш тарзидаги тўловлар жамоа шартномаларида, шунингдек иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб қабул қилинадиган меҳнатга оид ҳужжатларда белгиланади. Меҳнатга ҳақ, қоида тариқасида пул шаклида тўланади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 244-моддасига мувофиқ, иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ ушбу Кодекснинг 253-моддасида кўрсатилган муддатларда тўлаши шарт. Яъни, меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас. 

Агарда фуқаро ишлаб келаётган корхона, ташкилот, муассасанинг жамоа шартномасида иш берувчининг айби билан ходимга ҳақ тўлаш белгиланган муддатларга нисбатан кечиккани учун ходим ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида компенсация тўланиши назарда тутилган. 

Бундай ҳолларда фуқаролар жавобгардан уни фойдасига тўланмаган ойлик иш ҳақининг умумий суммаси сўм миқдорида иш ҳақи ҳамда иш ҳақи кечиктирилгани туфайли бир ойлик иш ҳақи миқдорида компенсация ундиришни сўраб, судга мурожаат қилади. 

Суд қарорлари билан Мажбурий ижро бюроси органлари иш ҳақи ва бошқа тўловларни ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари ижросини таъминлайди. 

Хусусан, 2022 йилдан фуқаролар фойдасига 56,5 миллиард сўм иш ҳақи ундириш тўғрисида 3 минг 985 та ижро ишлари жорий йилга қолдиқ бўлиб ўтган. 

Ўтган йилнинг январь-декабрь ойларида ташкилот ва муассасалардан 87 миллиард сўм иш ҳақи ундириш ҳақида 6 минг302 та ижро ҳужжатлари иш юритувига келиб тушган ҳамда Бюро органларида жами 143,6 миллиард сўм ундириш ҳақидаги 10 минг 287 та ижро ишлари мавжуд бўлган. 

Мажбурий ижро ҳаракатлари жараёнида 119,2 миллиард сўмлик (8903 та) ёки 83 фоиз ижро ишлари тегишли тартибда тамомланган ёки тугатилган. 

Жорий йилнинг январь ойида ташкилот ва муассасалардан 4,3 миллиард сўм иш ҳақи ундириш ҳақида 240 та ижро ҳужжатлари иш юритувига келиб тушган ҳамда Бюро органларида жами 28,8 миллиард сўм ундириш ҳақидаги 1630 та ижро ишлари мавжуд бўлган. 

Мажбурий ижро ҳаракатлари жараёнида биргина январь ойида 4,3 миллиард сўмлик (237 та) ёки 15 фоиз ижро ишлари тегишли тартибда тамомланган ёки тугатилган. Шунингдек, 3,8 миллиард сўмлик 385 та ижро ҳужжатлари ижроси судлар томонидан тўхтатилган. 

Мажбурий ижро ҳаракатлари жараёнида қарздорларга тегишли мол-мулклар хатланиб, 80,2 миллиард сўмлик 50 та мулклар тегишли тартибда аукцион савдоларига чиқарилган. 

Мисол учун, фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари натижасида “DO‘STLIK INOVATSION TEXTIL” МЧЖдан 59 нафар фуқаролар фойдасига жами 104,2 миллион сўм иш ҳақи ундириб берилган. 

Шунингдек, Мажбурий ижро бюросининг Мирзо Улуғбек туман бўлими иш юритувида фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг ижро варақасига асосан қарздор “Ўзбекэкспертиза” АЖдан ундирувчи А.Ачилов фойдасига жами 85 миллион 774 минг 206 сўм миқдорида ойлик иш ва маънавий зарар ундириш ҳақидаги ижро иши мавжуд эди. 

Иш ҳақи ундируви ижро ҳужжати дарҳол ижро этилиши лозим. Шу сабабли олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида қарздорнинг номига расмийлаштирилган кўчмас мулк ва транспорт воситалари борлиги ўрганилиб, қарздор номига расмийлаштирилган барча мол-мулкларига қаратиш юзасидан мажбурий ижро чоралари кўрилган. 

Мажбурий ижро ҳаракатларидан ўз вақтида хулоса чиқарган қарздор корхонадан ундирувчига салкам 86 миллион сўм миқдорида иш ҳақи ва маънавий зарар пуллари ундириб берилиб, мазкур ижро ҳужжати тамомланган. 

Ҳозирги кунда фуқаролар фойдасига иш ҳақи ундириш тўғрисида ижро ҳужжатлари устидан Бюро марказий аппарати томонидан кунлик назорат ўрнатилган бўлиб, суд қарорлари ижроси юзасидан барча мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Алишер Тоиров, 

Мажбурий ижро бюросининг бўлим бошлиғи 

ЎзА