Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б.Валиев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи томонидан Бухоро вилоятида ўрганишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, Қоракўл тумани прокуратурасида ташкил этилган штабда, ишчи гуруҳ ва “маҳалла еттилиги”, “ижтимоий профилактика”га масъул бўлган мутасаддиларга “йўл харита”лар ижроси, ёшлар, хотин-қизлар, муқаддам судланганлар ва ишсизлар жиноятчиликни олдини олиш мақсадида уларнинг бандлигини таъминлаш, индивидуал профилактик тадбирлар ўтказиш борасида масъулларнинг ҳисоботлари тингланди.

Бугунги кунда Қоракўл туманида пробация ҳисобида турган 374 нафар шахсларнинг 98 нафарини ёшлар, 28 нафарини аёллар ва 6 нафарини вояга етмаганлар ташкил қилади. Қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган 155 нафар шахслар муддатидан илгари жазодан шартли озод қилинган.
Ишчи гуруҳ томонидан туман пробация назоратида турган 13 нафар шахслар билан бевосита суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг муаммолари ўрганилиб, ижтимоий мослаштириш ишлари амалга оширилди.

Ўрганиш натижаси бўйича, соғлиғида муаммоси бўлган икки нафар назоратдаги шахсларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш ва даволаниш учун ордер берилди. Шунингдек, уч нафарига ўзини-ўзи банд қилиш ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун субсидия ва ер майдони ажратишда кўмаклашиш учун туман мутасадди идоралар раҳбарларига топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди. Саккиз нафар маҳкумни жазодан шартли равишда озод қилиш бўйича судларга тақдимномалар киритилиши таъминланди.
Бундан ташқари, маҳаллаларда ёшлар, аёллар ва ишсизлар томонидан, шунингдек, оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этиладиган жиноятларнинг олдини олишда “маҳалла еттилиги” ҳар бир вакилининг вазифалари, криминоген вазияти оғир маҳаллаларда рўйхати шакллантирилган ижтимоий кўмакка муҳтож 130 нафар хотин-қизлар билан якка тартибда ишлаш бўйича масъулларга кўрсатмалар берилди.

Ўтказилган хатловлар натижасида бугунги кун ҳолатига ижтимоий профилактика рўйхатида турган 78 нафар ёшларнинг муаммоларини ҳал этишда энг, аввало, уларнинг қизиқишларини атрофлича ўрганиш ва мақсадларидан келиб чиқиб касбга ўқитиш ёки ишга жойлаштириш юзасидан қатъий топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.
Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б.Валиев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи томонидан коррупцияни олдини олиш, унга қарши курашиш, шу жумладан, маиший коррупцияга барҳам бериш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини шакллантириш бўйича “Йўл харита” ижросини мониторинг қилиш, Президентимизнинг соҳага оид бир нечта қарори ижроси ва ҳудудда криминоген вазиятни таҳлил қилиш фаолиятини ташкил этилиши ҳамда тергов сифатини ошириш борасида амалга оширилган ишлар аҳволини ўрганишлар босқичма-босқич олиб борилиши таъминланмоқда.

Вилоятнинг Олот туманида замонавий рақамлаштирилган “Олот” чегара божхона постида товар-моддий бойликларни контрабанда йўли билан олиб кирилишини олдини олиш, коррупцион хавф-хатар ва омилларни бартараф этиш аҳволи ҳамда қарор ижроси юзасидан ташкил этилган “Ситуацион марказ” фаолияти ўрганилиб, муаммоли масалалар муҳокама қилинди.
Ишчи гуруҳи томонидан қарорлар ижроси бўйича Олот туманида тузилган идоралараро мувофиқлаштирув штаби томонидан амалга оширилган ишлар ўрганилиб, маҳалла еттилиги ва ижтимоий профилактикага масъул бўлган мутасаддиларга “Йўл харита”лар ижросини таъминлаш, индивидуал профилактик тадбирлар ўтказиш, “намунавий хавфсиз кўча” ва “намунавий хавфсиз йўлаклар”ни ташкил этиш, маҳаллаларни тўлиқ видеокузатув билан қамраб олиш, пробацияда турган шахсларни ижтимоий муаммоларини ўрганиш, ишсизларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда уларни қисқа муддатларда бартараф этиш юзасидан зарур кўрсатмалар берилди.
Муҳокамада, бугунги кунда ҳал этилмаган хотин-қизлар ва ёшларнинг мавжуд муаммоли масалаларини туманда кичик ишчи гуруҳлар тузган ҳолда фуқаробай ўрганиб чиқиб, қисқа муддатларда қонуний ҳал этилиши юзасидан масъул идоралар раҳбарларига тегишли кўрсатмалар берилди.
Бундан ташқари, “Йўл харита”ларида белгиланган тадбирларнинг ўз муддатида бажарилиши кўриб чиқилди ҳамда мавжуд ижтимоий-иқтисодий муаммоларни қонуний ҳал қилиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.