Шу кунларда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Ж.Саримсоқов бошчилигидаги Ишчи гуруҳ Сурхондарё вилоятида маҳаллабай тизимда муаммоларни ўрганмоқда.
Мазкур ўрганишлар жараёнида, Федерация ташаббуси билан, ҳар бир маҳалла кесимида «Истеъмолчи дафтари» шакллантирилмоқда.
«Истеъмолчи дафтари» — маҳалладаги мавжуд хонадонлар кесимида, аҳоли (истеъмолчилар)га уй-жой, коммунал хизмат, сервис ва хизмат кўрсатиш, транспорт, алоқа ва коммуникация, савдо ва умумий овқатланиш, тиббий хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларда муаммоларни жамоатчилик назорати тартибида ўрганиш ва ўрганишлар давомида аниқланган камчиликларни жойида бартараф этилиши бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, аҳолининг истеъмол маданиятини ошириш мақсадида, истеъмолчи ва хизмат кўрсатувчилар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларни белгиловчи ва тартибга солувчи ўзаро муносабатлар бўйича тузилган шартномаларнинг бажарилиш ҳолати ва натижадорлигини белгиловчи паспортдир.
Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан, маҳаллада истиқомат қилувчи аҳоли, айниқса кексалар, боқувчисини йўқотганлар, ногиронлиги бўлган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, маҳаллалардаги кўчалар, ариқлар, йўлларнинг ҳолати, ичимлик суви, электр энергияси ва газ билан таъминланганлик даражаси, ҳамда маҳалла ҳудудида фаолият юритувчи жамоат транспорти ҳолати ўрганилмоқда. Ўрганилган қатор муаммоли масалалар тегишли мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ижобий ечим топишга кўмаклашилмоқда.
Сурхондарё вилояти, Термиз туманининг «Бунёдкор» маҳалласида олиб борилган ўрганишлар жараёнида, ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ҳамда газ таъминоти ташкилотлари билан аҳоли (истеъмолчи) ўртасида электр таъминоти ва газ таъминоти шартномалари умуман тузилмаганлиги аниқланди. Бу эса мазкур йўналишда фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини йиллар давомида билмасдан келишларига сабаб бўлган. Қандай қилиб шартнома тузилмаган ҳолда бу каби хизматлар кўрсатилган деган савол туғилади?
Бугунги кунда «Бунёдкор» МФЙда жами 2431 нафар фуқаро истиқомат қилади. Шундан 1232 нафари аёллар, 1199 нафари эркаклар. 18 ёшгача бўлганлар 704 нафарни, 18-30 ёшгача 372 нафарни, 30 ёшдан юқори бўлганлар 1325 нафарни ташкил этади. Маҳаллада 489 та хонадон, 666 та оила мавжуд. 52 та ногиронлиги бор, 15 та ижтимоий ҳимояга муҳтож, 5 та «Темир дафтар»га киритилган, 34 та «Аёллар дафтари»га киритилган оилалар мавжуд.
Федерация раиси Ж.Саримсоқов бошчилигидаги Ишчи гуруҳ 4 кун давомида «Бунёдкор» маҳалласидаги ҳар бир хонадонга бирма-бир кириб, уларнинг яшаш шароитлари ҳамда мавжуд муаммолари билан шахсан танишди.
Ишчи гуруҳ аралашуви билан, маҳалладаги 489 та хонадон ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ҳамда газ таъминоти ташкилотлари билан ўртасида электр таъминоти ва газ таъминоти шартномалари тузилишига эришилди.
Маҳалладаги 15 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга уларнинг талаб-истагидан келиб чиқиб, яшаш шароитини яхшилаш ҳамда даромад топиш манбаини яратиш мақсадида, тегишли тикув машиналари, пайвандлаш ва қадоқлаш ускуналари, уй паррандалари беғараз тақдим этилди.
Эндиликда мазкур оилалар билан Федерация Ишчи гуруҳи вакиллари тизимли ишлаб, уларни ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар сафидан чиқариш мақсад қилинган.
Шунингдек, маҳалладаги 120 та хонадонга ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан ҳамкорликда электр ҳисоблагичлар ўрнатиб берилди.
Шу билан бир қаторда янги қурилган хонадонларга электр симлар тортиб берилди.
Бу каби ишчи гуруҳ фаолияти бутун республикамиз бўйлаб ташкил этилади.