Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ишчи гуруҳ “Тошкент ИЭС” акциядорлик жамиятидаги ҳолатни ўрганди
10:37 / 2024-02-23

“Тошкент ИЭС” акциядорлик жамияти томонидан ишлаб чиқариш жараёнида Тошкент шаҳри ҳавосининг ифлосланишига сабаб бўлувчи зарарли моддалар чиқарилаётгани ҳақидаги хабарлар кенг жамоатчилик ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг муҳокамаларига сабаб бўлди.

Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Экологик партияси, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Бош прокуратура вакиллари ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганиш ишлари олиб борилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Экологик партияси маълум қилди.  

Ўрганиш давомида “Тошкент ИЭС” акциядорлик жамиятида электр энергияси ва иссиқлик энергияси узилишларининг олдини олиш мақсадида мазут ёқилғисидан фойдаланилаётгани маълум бўлди.    

Шунингдек, электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича мавжуд ускуналарнинг эскиргани, атмосфера ҳавосига зарарли моддаларнинг ажралиб чиқишининг олдини олишга хизмат қиладиган технологияларга зарурат борлиги ҳам аниқланди.    

Мазкур ҳолатдан келиб чиқиб ишчи гуруҳ томонидан бир қатор тавсиялар берилди. Жумладан, корхонада атмосфера ҳавосига чиқарилаётган ташламалардан намуналар олиш ва таҳлил қилиш учун автоматик тизимларни жорий қилиш, станциядаги қувурларга атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи моддаларни камайтирувчи фильтрлар ўрнатиш, атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасини аниқлаш учун стационар кузатув постларини ўрнатиш, станциядаги нефть маҳсулотлари билан ифлосланган сувларни бирламчи тозалаш ҳовузи маънан эскиргани сабабли капитал таъмирлаш ишларини олиб бориш зарурлиги билдирилди.  

Мазкур ҳолат бўйича Бош прокуратура, Энергетика вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва Ҳукуматга асослантирилган тушунтириш бериш, ўз нуқтаи назарини баён этиш юзасидан депутатлик сўрови юборилди.

Ўзбекистон Экологик партияси томонидан доимий жамоатчилик назорати олиб борилиб, кенг жамоатчилик хабардор қилиб борилади.  

М.Комилова, ЎзА