Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ишчи гуруҳ тоғ-кон соҳасида истиқболли лойиҳаларни ўрганмоқда
14:06 / 2026-02-13

Тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Урал Юсупов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Навоий вилоятининг Хатирчи туманида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Ишчи гуруҳ ҳудудда режалаштирилаётган янги саноат ва инвестиция лойиҳаларини атрофлича муҳокама қилди. 

Хусусан, Кўксарой маҳалласи ҳудудида 9,6 гектар майдонда жойлашган гранит конида хомашёни қайта ишлаш корхонаси ва Бахшижар маҳалласида бўш турган яйлов ер майдонида тўлиқ хориж капитали иштирокида қиймати 35 миллион АҚШ доллари бўлган гранит тошларидан юқори қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган завод лойиҳаси кўздан кечирилди. Бу лойиҳа маҳаллий аҳоли учун иш ўринлари яратиш ва ҳудуд иқтисодиётини инвестициялар орқали ривожлантириш имконини беради.

Таъкидланганидек, маҳаллий тоғ-кон саноати ва геология соҳасини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва инвестиция муҳитини кенгайтиришда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади. Хатирчи туманида амалга оширилаётган мазкур лойиҳалар ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ишлари аҳоли ва маҳаллий корхоналар учун янги имкониятлар эшигини очади.

Туманда ўтказилган тадбиркорлар билан учрашувлар давомида маҳаллий бизнеснинг долзарб муаммолари ва таклифлари тингланди. Ҳамкорликда тадбиркорлик фаолиятини янада рағбатлантириш, кредит ва субсидия имкониятларини кенгайтириш ҳамда амалий кўмак кўрсатиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Лангар қўрғони ҳудудида вольфрам конлари ҳамда ноёб ва нодир металларни қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича маҳаллий ва хорижий корхоналар томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар ҳам таҳлил этилди.

Хизмат сафари давомида конларни ўзлаштириш жараёнида юзага келаётган муаммолар атрофлича муҳокама қилинди ва уларни бартараф этишга қаратилган тегишли таклиф ва тавсиялар берилди. Шунингдек, вазирлик ва туман ҳокимлиги ҳамкорлигида янги заводлар ва саноат объектларини ривожлантириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва тадбиркорлар учун қулай муҳит яратишга қаратилган чора-тадбирлар режаси белгиланди.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА