Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ишчи гуруҳ сув ресурслари ва санитария масалаларини кўриб чиқди
13:10 / 2026-02-19

Ўзбекистонда сув ресурслари соҳасидаги Миллий сиёсий мулоқот (NPD) доирасида “Сув ресурслари, сув таъминоти ва санитария” йўналиши бўйича Тармоқлараро ишчи гуруҳнинг 6-йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда ишчи гуруҳ аъзолари, тармоқ идоралари, халқаро ташкилотлар ва ривожланиш бўйича ҳамкорлар иштирок этди.  

Йиғилишни ишчи гуруҳ ҳамраиси – Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Зокир Ишпўлатов, “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раисининг ўринбосари Нодир Хўжамов, Швейцариянинг мамлакатимиздаги элчихонаси миссия раҳбари ўринбосари- ҳамкорлик бўлими раҳбари Андрин Финк ва бошқалар сўзга чиқиб, соҳадаги ислоҳотларнинг минтақавий ва глобал аҳамиятига тўхталди.

Унда асосий масала сув хўжалиги соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий базани инвентаризация қилиш ва Сув кодексига шарҳлар ишлаб чиқиш жараёни бўлди. Муҳокамаларда мутахассислар янги қонун нормаларини амалиётга самарали жорий этиш, ҳуқуқни қўллашда ягона ёндашувни шакллантириш ва ижро механизмини кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Шу билан бирга, Сув кодекси нормаларининг амалга оширилиши бўйича мониторинг тизимини йўлга қўйиш лозимлиги ҳам қайд этилди.  

Шунингдек, тадбирда ичимлик суви таъминоти ва санитария секторини институционал ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар ҳам кўриб чиқилди. Бошқарув ваколатларини аниқ тақсимлаш, идоралараро ҳамкорликни кучайтириш, хизматлар сифатини ошириш ва молиявий барқарорликни таъминлаш масалалари алоҳида эътибор марказида бўлди.  

Сув хўжалиги вазирлиги томонидан 2026 йил ва кейинги давр учун режалаштирилган устувор вазифалар юзасидан маълумот берилди.

Тадбир якунида Швейцариянинг мамлакатимиздаги элчихонаси миссия раҳбари ўринбосари ва ҳамкорлик бўлими раҳбари Андрин Финк интервьюда қуйидагиларни таъкидлади.

–Ушбу учрашувда барча ҳамкорлар бир жойга тўпланиб, йил давомида амалга ошириладиган фаолиятлар бўйича муҳокама олиб бордилар. Йил давомида халқаро экспертлар иштирокида кўплаб муҳим тадбирлар режалаштирилган бўлиб, ушбу йиғилишнинг асосий мақсади режаларнинг ўзаро мувофиқлаштирилиши бўлди. Шунингдек, аввалги йиғилишимизда Ўзбекистоннинг янги Сув кодекси тақдим этилган эди. Бугунги йиғилишда, орадан уч ой ўтиб, Ўзбекистоннинг амалдаги ҳуқуқий базасини таҳлил қилиш натижалари ҳамда янги Сув кодексини миллий қонунчиликка татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди. Сув таъминоти, сув ресурслари ва санитария каби муҳим йўналишларда фикр алмашиш учун бундай мунтазам учрашувларнинг ўтказилиши жуда муҳимдир. Чунки, ҳозирда бу соҳада жуда кўп ишлар амалга оширилмоқда ва келгусида яна кўплаб режалар мавжуд. Шу сабабли ҳамкорларнинг фаолиятларини мувофиқлаштириб бориши ва мунтазам муҳокама қилиши катта аҳамиятга эга, – деди у.

Муҳокамаларда UNECE, OECD каби халқаро ташкилотлар, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа миллий идоралар вакиллари фаол иштирок этди. Халқаро ҳамкорлар томонидан сув ресурсларини бошқариш, ичимлик суви таъминоти ва санитария соҳасида комплекс ёндашувни сақлаш муҳимлиги  таъкидланди.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА