English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ишчи гуруҳ “Қуйи Чотқол” гидроэлектр станцияси фаолиятини ўрганди
11:33 / 2026-03-10

Мамлакатимизда энергетика соҳасини модернизация қилиш, янги қувватларни ишга тушириш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти.

Бу жараёнда гидроэнергетика тармоғида барпо этилаётган янги иншоотлар мамлакатнинг энергия хавфсизлигини таъминлаш, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини барқарор электр таъминоти билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Шу каби йирик лойиҳалардан бири сифатида барпо этилган “Қуйи Чотқол” гидроэлектр станцияси замонавий технологиялар ва юқори хавфсизлик стандартлари асосида фаолият юритувчи янги энергетика объекти ҳисобланади.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси Ислом Абдураҳмонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ янги барпо этилган “Қуйи Чотқол” гидроэлектр станциясига амалий ташриф буюриб, энергетика объектида олиб борилаётган эксплуатация жараёнлари, гидротехник иншоотларнинг техник ҳолати ҳамда ишлаб чиқариш фаолияти билан яқиндан танишди.

Ташриф давомида, аввало, мазкур станция тўғонини хавфсиз эксплуатация қилишда назорат-ўлчов қурилмалари (КИА) тизимига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур қурилмалар гидротехник иншоотларнинг техник ҳолатини доимий мониторинг қилиш, тўғон конструкцияларидаги юклама, деформация ва фильтрация жараёнлари, сув босими ҳамда бошқа муҳим кўрсаткичларни аниқ назорат қилиш имконини беради. Бу эса гидроэнергетика объектларининг ишончли ва барқарор фаолият юритишида муҳим аҳамиятга эга.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай замонавий назорат тизимлари гидротехник иншоотларнинг узоқ муддатли ва хавфсиз эксплуатациясини таъминлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, тизим натижасида  олинаётган маълумотлар таҳлил қилиниб, иншоотларнинг техник ҳолати юзасидан тезкор қарорлар қабул қилиш имконияти яратилади.

Ташриф чоғида бошқарув раиси янги қурилган ушбу иншоот эксплуатациясини амалга ошираётган муҳандис-техник ходимлар билан ҳам мулоқот ўтказди. Суҳбат давомида мутахассисларнинг касбий тайёргарлиги, гидроэнергетика ускуналари билан ишлаш бўйича амалий билим ва кўникмалари, шунингдек, хавфсиз эксплуатация талабларини билиш даражаси ўрганилди.

Мулоқот чоғида бошқарув раиси энергетика соҳасида инсон капитали муҳим ўрин тутиши, гидроэлектр станцияларида фаолият юритаётган мутахассисларнинг билим ва малакасини доимий равишда ошириб бориш зарурлигини қайд этди. Шунингдек, замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш, ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш ва меҳнат хавфсизлиги талабларига қатъий риоя этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Айтиш керакки, “Қуйи Чотқол” гидроэлектр станцияси мамлакат гидроэнергетика тармоғининг янги босқичга кўтарилаётганини намоён этувчи муҳим лойиҳалардан биридир. Мазкур объектнинг ишга туширилиши электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, экологик тоза энергия манбаларидан самарали фойдаланиш ҳамда ҳудудларни барқарор электр таъминоти билан таъминлашга хизмат қилади.

Н.Зиёдуллаева,

ЎзА