Бош прокурор ўринбосари Д.Қосимов раҳбарлигида Бухоро вилоятида муаммоли қарздорликларни қисқартириш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳи ҳамда ташқи савдо шартномалари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорликларни қисқартириш юзасидан ҳудудий комиссияси томонидан амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.
Йиғилишда, жорий йил ноябрь-декабрь ойларида белгиланган режа графиги ижросини таъминлаш, банк балансидаги мулкларни сотиш, муаммоли кредитлар бўйича қарздорликни сўндириш ҳамда муддатини асоссиз равишда узайтирилиши бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

Ишчи гуруҳ томонидан Бухоро шаҳрида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳалар ўрганилди. Хусусан, “Камалак Шабнам текс” МЧЖ томонидан барпо этилган ип-калава ва матони бўяшни ташкил этиш лойиҳаси билан танишилди.
Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 10 миллион АҚШ долларини ташкил қилиб, лойиҳа ишга тушиши натижасида йилига 3 минг тонна ип-калава ва матони бўяш ҳамда 150 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Шунингдек, “Бухороэнергомарказ” АЖда янги ўрнатилган сув иситиш қозонхонаси фаолияти ўрганилди. Бундан ташқари, “Bukhara Next Generation Product” МЧЖда бўлиб, электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишилди. Ҳозирги кунда мазкур корхонада икки минг нафардан зиёд янги иш ўринлари яратилган бўлиб, корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар маҳаллий ва жаҳон бозорида сотилмоқда.

Ишчи гуруҳ томонидан Бухоро шаҳрида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳалар ҳам ўрганилди. Хусусан, халқаро молия маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган “Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Бухоро филиалини реконструкция қилиш” лойиҳаси билан танишилди.

Шунингдек, “Bukhara Agroklaster DZZ” МЧЖ томонидан сутни қайта ишлаш ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳаси ўрганилди. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 4,2 миллион АҚШ долларини ташкил қилиб, йилига 20 минг тонна сутни қайта ишлаш қувватига эга. Ҳозирги кунда мазкур корхона томонидан 4,6 миллиард сўм бюджетга тушум амалга оширилиб, 110 нафардан ортиқ фуқароларнинг бандлиги таъминланган ҳолда харидоргир ҳар хил турдаги сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.
Ўрганиш давомида, тадбиркорларнинг фаолиятида юзага келаётган муаммоларни тезкорлик билан бартараф этиш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.