Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Бекзод Мусаев бошчилигидаги Ишчи гуруҳи Наманган вилоятидаги таълим ва маданият муассасалари фаолиятини ўрганди.
Президентимизнинг 2020 йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори таълим ва илф-фан тизимида янги тараққиёт даврини бошлаб берди.
Мазкур муҳим ҳужжатларда белгилаб берилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш билан боғлиқ масалалар жойларда кенг муҳокама қилинмоқда.
Поп туманида бўлиб ўтган учрашувда ҳам вилоятда таълим соҳасини янги сифат босқичига олиб чиқишнинг долзарб масалалари таҳлил қилинди. Республика Бош вазирининг ўринбосари Бекзод Мусаев давлатимиз раҳбари томонидан илгари суриилаётган ғояларни рўёбга чиқаришда ҳар бир педагог зиммасига юкланаётган муҳим вазифалар ҳақида сўз юритди. Наманганда умумтаълим мактабларининг олий таълим ва маданият муассасалари билан ҳамкорлиги масалаларига тўхталди.
Маълумки шу йил 30 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида олий ўқув юртлари ректорлари зиммасига мактабларга бориб, уларнинг муаммолари билан шуғулланиш борасида аниқ топшириқлар юклатилган эди.
Учрашувда таълим сифати паст, олий таълимга кириш кўрсаткичлари ва педагогларнинг билими талабга жавоб бермайдиган мактабларни биргаликда кўтариш бу эзгу ташаббуснинг бош мақсади экани таъкидланди. Вилоятда мактаб таълими соҳасида муайян ижобий ишлар амалга оширилаётган бўлсада, ҳанузгача ечимини кутаётган муаммолар кўплигига эътибор қаратилди.
Рақамларга таянадиган бўлсак, 2020 йилда олий таълим муассасаларига қабул қилиш кўрсаткичи жами битирувчига нисбатан 17,6 фоизни ташкил этиб, 2019 йилга нисбатан 7,2 фоизга ошган. Натижада Наманган вилояти республикада 8-ўриндан 4-ўринга кўтарилган.
Лекин, бу кўрсаткич вилоят бўйича таҳлил қилинганда, айрим жойларда аҳвол яхши эмаслиги кўринади. Масалан, Наманган шаҳрида жорий йилда мактабларни тамомлаган 8 минг 813 ўқувчидан атиги 994 нафари олийгоҳларга қабул қилинган холос. Бу 11,3 фоизни ташкил этиб, вилоятда энг паст (ёмон) кўрсаткич ҳисобланади.
Республика Ишчи гуруҳи олий таълим муассасаларига кириш натижаларини таҳлил қилиш мақсадида Наманган шаҳридаги 48- ва 10-сонли умумтаълим мактаблари фаолиятини ўрганди. 48-мактабни тугатган 130 ўқувчидан 53 нафари (шундан 5 ўқувчи давлат гранти асосида) университет ва институтларга қабул қилинган. Ажабланарлиси, шулардан 27 нафари битта олийгоҳга – қўшни Қирғиз Республикасидаги университетга ёппасига ҳужжат топширган.
10-мактабда эса ҳолат тамомила бошқача. Ўқув даргоҳини 82 нафар ўқувчи тугатган бўлсада, таассуфки, бирор бир битирувчи олий таълим даргоҳларига ўқишга кира олмаган. Шу ўринда, ҳақли саволлар туғилади: Хўш, мазкур мактаб ўқувчиларида олий таълимга қизиқиш йўқми? Мактабда таълим сифати пастми? Ачинарлиси шундаки, 82 битируви-ўқувчининг деярли 50 нафари олийгоҳларга ҳужжат топширган бўлсада, улардан бор-йўғи 12 нафари тест синовларида иштирок этган холос. Айни шу жиддий камчиликларни инобатга олиб натижалари ўртача кўрсаткичдан паст бўлган 15 та умумтаълим мактаблари вилоятдаги олий таълим муассасаларига бириктирилди.
Ишчи гуруҳи Тўрақўрғон туманидага маданият маркази фаолияти билан танишди. Таълим ва маданият муассасалари ҳамкорлиги масалалари атрофлича муҳокама қилинди. 15 миллиард сўм маблағ эвазига барпо этилган муҳташам марказ биноси ҳозирда ҳувуллаб қолган. Мавжуд тўгараклар фаолияти суст. Ўқувчиларни, уюшмаган ёшларни маданият ва санъатга қизиқтириш бўйича етарли тарғибот ишлари олиб борилмаган. Бир сўз билан айтганда, марказ фаолияти бугунги кун талаби даражасида эмас.
Бу борада Наманган шаҳар ҳокимлиги томонидан амалга оширилаётган амалий саъй-ҳаракатларни вилоятнинг ҳар бир туманида амалга ошириш кераклиги айтиб ўтилди. Президентимизнинг 2020 йил июнь ойида Наманган вилоятига ташрифи чоғида илгари сурилган ташаббус ижросини таъминлаш мақсадида ҳафтанинг ҳар якшанба куни “мақом кечаси” ўтказилмоқда. Ишчи гуруҳи томонидан бундай мақом кечаларини туманлараро танлов тариқасида ташкил этиш кераклиги таъкидланди.
Вилоят ҳокимлиги мажлислар залида Бош вазир ўринбосари Бекзод Мусаев ва Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов иштирокида ўтказилган йиғилишда видеоалоқа орқали шаҳар-туман студиялари ҳам уланди. Унда Республика Ишчи гуруҳи томонидан таълим ва маданият муассасаларидаги мавжуд ҳолат, тизимда аниқланган муаммо ва камчиликлар атрофлича муҳокама этилди.
Наманган Давлат университети ректори Собитхон Турғунов, Наманган муҳандислик-қурилиш институти ректори Шарифбой Эргашев, Наманган муҳандислик-технология институти ректори Одиложон Маматкаримов ўзларига бириктирилган умутаълим мактабларида Президентимиз томонидан белгиланган вазифа ва топшириқлар ижроси юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳақида ахборот берди.
Ректорлар томонидан мактабларда таълим сифатини ошириш, ўқувчиларни олий таълим муассасаларига қизиқтириш, ўқувчиларни касб ва ҳунарга йўналтириш, ота-оналар билан бу борада етарли даражада иш ташкил этишга эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди. Мактаб ўқувчиларини олий таълим муассаларига ўқишга кириш кўрсаткичлари ўта паст бўлган Наманган шаҳри, Наманган ва Янгиқўрғон туманлари ҳокимлари Олим Исаев, Садриддин Мўминов, Асадулла Нажмиддиновлардан келгусида бу борада аҳволни яхшилашга масъулият билан ёндашиш лозимлиги сўралди.
Шунингдек, йиғилишда Косонсой, Мингбулоқ, Уйчи, Янгиқўрғон ва Норин туманларида ахборот-кутубхона марказлари ҳалигача ташкил этилмаганлиги танқид қилиниб, тегишли туманлар ҳокимликларига бу борада тезроқ амалий чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича топшириқлар берилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА