Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ишчи гуруҳ: Криминоген вазият Сергели туманида 26 фоизга яхшиланган
14:56 / 2023-10-04

Юртимизда криминоген вазиятни яхшилаш ҳамда маҳаллаларда осойишталикни таъминлаш юзасидан зарур ишлар амалга оширилмоқда.

Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов раҳбарлигида шу мақсадда идоралараро махсус ишчи гуруҳ ташкил этилди.

Ишчи гуруҳ пойтахтимиздаги Сергели, Янгиҳаёт ва Бектемир туманларида бўлиб, ички ишлар бўлимлари шахсий таркиби томонидан жамоатчилик билан ҳамкорликда тунги вақтларда ташкил этилаётган ишлар билан танишди. Ҳудудий электр тармоқлари корхоналари, тез-тиббий ёрдам масканлари фаолияти ва бозорларда татбиқ этилаётган хавфсизлик чораларини ўрганди.

Сергели тумани 3-сонли ИИБда тунги навбатчилик сменаси ҳамда махсус рейдга жалб этилган “Ҳамкор” шахсий таркиби хизмати билан танишилди.

Ички ишлар бўлимига қарашли маъмурий ҳудудда жойлашган 13 маҳаллада жиноятларнинг барвақт профилактикасига қаратилган ишлар тизимли равишда амалга оширилаётгани натижасида ҳудудда криминоген вазият 26 фоизга яхшиланган. Шу билан бирга, “қизил” тоифада қолаётган Меҳригиё маҳалласида муаммоларни янги “ижтимоий профилактика” тизими ёрдамида ҳал этиш зарурлиги бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

Электр тармоқлари корхонасида ташкил этилган тунги навбатчилик фаолияти, юзага келган электр таъминотидаги носозликлар ва уларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар кўздан кечирилди. Корхонада зарур ускуна ва электр жиҳозлари захирасини яратиш масалаларига эътибор қаратилди.

Миллий гвардиянинг Сергели тумани қўриқлаш бўлими фаолияти ўрганилди. Ишчи гуруҳга ҳудудда корхоналар, шахсий хонадонлар ҳамда ўқув масканларини қўриқлаш тизимига улангани, видеокузатув қамрови кенгайтирилгани ҳамда ходимларнинг “ташвиш” сигнали бўйича махсус ўқув-тактик машғулоти ва ҳаракатлар режаси намойиш этилди.

Янгиҳаёт тумани 2-сонли ИИБнинг тунги хизматга жалб этилган шахсий таркиби хизмати билан танишиш асносида ҳудудда жойлашган 7 маҳаллада криминоген вазиятнинг барқарорлиги таъминлангани таъкидланди.

Мазкур ижобий тажрибани бошқа туманларга татбиқ этиш, бунда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва жамоатчилик вакиллари иштирокида криминоген оғир маҳаллаларга тунги навбатчиликка жалб этилган зарур куч ва воситалар тақсимланиб, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, аниқланган муаммоларини жойида бартараф этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Ишчи гуруҳ томонидан Бектемир тумани 4-сон ИИБда шахсий таркибнинг хизмат жараёни ҳам ўрганилди. Бектемир туманида содир этилаётган жиноятлар сони 7,5 фоизга камайишига эришилган бўлса-да, уларнинг айрим турлари ошиб кетишига йўл қўйилгани қаттиқ танқид қилинди.

Туманда криминоген вазиятни жиловлаш мақсадида тунги вақтда маҳаллаларда ҳуқуқбузарликнинг барвақт олдини олиш, ҳисобда турган шахслар, нотинч оилалар ҳамда уюшмаган ёшлар билан “хонадонбай” ва “фуқаробай” иш ташкил этиш зарурлиги қайд этилди. Йўлларда осойишталик, пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда жиноятларнинг сабаб ва омилларини тизимли ва илмий таҳлиллар орқали аниқлаб, келгусида уларнинг барвақт олдини олиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Бектемир туманида жойлашган “Тошкент қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи бозори”да татбиқ этилаётган хавфсизлик чоралари ўрганилди. Аҳоли ва тадбиркорлар учун яратилган шароитлар, ҳудудда жамоат тартибини сақлашга бириктирилган ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимларининг фаолияти кўриб чиқилди. Тадбир жараёнида асосий эътибор хизматни тизимли равишда масъулият ва ҳушёрлик билан ташкил этишга қаратилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди ҳамда ижроси назоратга олинди.

Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ўрганиш ишлари бошқа туманларда ҳам давом этмоқда.

Н.Абдураимова, ЎзА