Бухорода туризм объектлари (маданий мерос объектлари, зиёратгоҳлар, туризм зоналари, меҳмонхоналар, сиҳатгоҳ ва дам олиш зоналари, спорт-соғломлаштириш муассасалари, оммавий намойиш жойлари, маданият ва истироҳат боғлари, оммавий бозорлар), вокзал ва автошоҳбекатларда санитария-гигиена шохобчаларининг мавжудлиги, иншоотларнинг санитария ва шаҳарсозлик нормалари ҳамда қоидалари талабларига мувофиқлиги ўрганилди.
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитасининг бўлим бошлиғи М.Ҳайитова бошчилигида Республика ишчи гуруҳи аъзолари ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари томонидан Бухоро шаҳрининг Сомонийлар боғи, Бухоро марказий деҳқон бозори, Чашмаи Аюб музейи, 39-сон мактаби ва Бухоро халқаро аэропортининг санитар-гигиеник ҳолати бевосита жойларга чиққан ҳолда кўрилди.
Ўрганишлар натижасида юқорида кўрсатилган объектларда бир қатор хато-камчиликлар борлиги, жумладан, санитар-гигиеник, техник хавфсизлик, ёнғин хавфсизлигининг олдини олиш талабларига жавоб бермаслиги аниқланди. Шунингдек ушбу объектларда жисмоний имконияти чекланган, ногиронлиги бўлган шахслар, ёш болали ота-оналар учун зарурий шарт-шароит яратилмаган. Ҳар бир ташкилот вакилларига жойида камчиликлар кўрсатилиб, жумладан, зиёратгоҳ, бозор, вокзал ва шоҳбекат ҳамда умумтаълим мактаб масъуллари жалб қилинди. Уларга тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.
Республика ишчи гуруҳи томонидан кейинги ўрганишлар манзили Ғиждувон туманидаги Абдухолиқ Ғиждувоний зиёратгоҳи, Ғиждувон деҳқон бозори, тумандаги 60-сон мактаб, шунингдек, Бухоро автошоҳ бекати, Ситораи Мохи-хосса санаторийси, Ромитан туманидаги деҳқон бозори, тумандаги Бродвей парки ҳамда туманнинг 12-сон мактаби бўлди.
Юқорида қайд этилган объектларда бир қатор хато ва камчиликлар борлиги, жумладан, санитария-гигиена, техник хавфсизлик ва ёнғин хавфсизлиги талаблари тўлиқ бажарилмагани аниқланди.
Қолаверса, мазкур муассасаларда имконияти чекланган шахслар, ногиронлар ва кичик болали оналар учун зарур шарт-шароит ҳам талаб даражасида яратилмаган.
Йўл қўйилган камчиликлар ҳар бир ташкилот вакиллари, жумладан, зиёратгоҳлар, бозорлар, истироҳат боғлари ҳамда умумтаълим мактаблари мутасаддиларига жойида кўрсатилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири