Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ишчи гуруҳ “Жонгелди” овулида бўлди
11:28 / 2025-03-17

Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси масъул ходими Ўктам Қуронбоев бошчилигидаги ишчи гуруҳи Бухоро вилояти ва туман мутасаддилари билан биргаликда олис “Жонгелди” овулида бўлди. Ишчи гуруҳ аҳолининг ижтимоий муҳофазаси, ижтимоий соҳа иншоотлари фаолияти, моддий техник имкониятлар, қолаверса, ҳудуд инфратузилмасига доир лойиҳалар билан яқиндан танишди.

Вилоятнинг Пешку тумани марказидан 200 километрдан ортиқ узоқликдаги, маъмурий тузилиши жиҳатдан “Сафрон”, “Қалъа Ота” ва “Жонгелди” қишлоқларидан иборат “Жонгелди” маҳалла фуқаролар йиғинидаги кенг яйловларда чорвадорлик, йилқичилик, шунингдек, қисман деҳқончилик ва тадбиркорлик билан шуғулланиб келинаётган асосан қозоқ миллатига мансуб қардошларимиздан таркиб топган 162 та хонадон, 209 та оила ва уларда жами 765 нафар аҳоли истиқомат қилмоқда.

Жонгелдида яшовчи маҳаллий аҳоли вакиллари учун ҳозирда 3 та умумтаълим мактаби, 2 та мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 10 ўринга мўлжалланган замонавий қишлоқ участка касалхонаси, ижтимоий дорихона фаолият кўрсатмоқда. Чунончи, Жонгелдидаги 24-сонли умумтаълим мактабида 85 нафар, Сафрондаги 27-сонли таълим даргоҳида 40 нафар, Қалъа Отадаги 25-сонли мактабда эса 27 нафар ўқувчи ўғил-қиз таҳсил олмоқда. Ўндан ортиқ тиббиёт ходими хизмат кўрсатаётган “Жонгелди” қишлоқ участкаси ва унинг 2 та ҳудуддаги шохобчасида аҳоли саломатлигига жиддий эътибор қаратилмоқда. Жонгелдида 50 нафардан ортиқ болажонни ўз бағрига олган 33-сонли мактабгача таълим ташкилотининг Сафрон ва Қалъа Отада ҳам филиаллари бор.

 “Обод қишлоқ” давлат дастури асосида овул поликлиникасини қуриш ва жиҳозлашга бюджет ҳисобидан 3,8 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, замон талабига жавоб берадиган иншоотнинг муқобил иситиш қозонхонаси, электр энергияси ва тоза сув таъминоти шай ҳолга келтирилган.

Овулдаги аҳоли турмуш тарзи, мактаблар, тиббиёт муассасалари, болалар боғчалари моддий-техник имкониятлари, “маҳалла еттилиги” фаолияти, аҳолининг мурожаатларига эътиборини қаратган мутасаддилар чўл бағридаги янги инновацион мажмуа – “Akwa Power” шамол электр станциясида ҳам бўлди. Саудия Арабистонининг “Akwa Power” компанияси чўл бағрида қуввати 500 МВтга тенг бўлган шамол электр станцияси қурилишини бошлаганига уч йил тўлмоқда.

Бу борада мамлакатимиз Президентининг 2021 йил 23 февралдаги “Бухоро вилоятининг Пешку ҳамда Ғиждувон туманларида қуввати 300-500 МВт бўлган шамол электр станцияларини қуришга доир инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал вазифасини ўтамоқда.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири