Божхона органлари томонидан маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ички ҳамда ташқи бозордаги фаолиятига яқиндан кўмаклашиш мақсадида доимий ўрганишлар олиб борилмоқда.
Наманган вилояти божхона бошқармаси бошлиғи, подполковник Умиджон Қодиров Уйчи туманида амалга оширилаётган қуввати 100 МВт (200 МВт/соат) бўлган электр энергиясини сақлаш тизимини барпо этиш инвестицион лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Мазкур йирик лойиҳа доирасида 110 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш кўзда тутилган бўлиб, минтақанинг энергетик барқарорлигини таъминлаш ва замонавий инфратузилмани ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Лойиҳа доирасида зарур ускуналарнинг импорт қилиниши режалаштирилган бўлиб, дастлабки, ҳисоб-китобларга кўра, бу жиҳозларни олиб кириш жараёнида давлат бюджетига тахминан 45 миллиард сўм миқдорида божхона тўловлари ундирилиши кутилмоқда.

Учрашув давомида, божхона расмийлаштирувларининг белгиланган тартибда амалга оширилиши ҳамда инвесторлар учун яратилган шароитлар ўрганилди. Божхона бошқармаси бошлиғи раҳбарлигидаги ишчи гуруҳининг маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан яқиндан танишиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкилланган ўрганишлари “Tehno Farm” масъулияти чекланган жамиятда ҳам самарали тарзда кечди.

Экспортёр корхона томонидан 2025 йил давомида хорижий мамлакатлардан ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун қиймати 317 минг долларга тенг 68 тонна хомашё олиб келинган. Мулоқотда мутахассислар томонидан жамият вакилларига божхона ҳудудида қайта ишлаш режими ва ваколатли иқтисодий оператор мақомининг қулайликлари, божхона қийматини аниқлаш, товарларни ўз омборида жойлаштириш тартиблари юзасидан тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, Президентимизнинг 2025 йил 17 декабрдаги “Божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини янада соддалаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича тўхталиб ўтилди. Мазкур ҳужжат билан тадбиркорлик субъектлари учун яратилган енгиллик ва қулайликлар, ташқи иқтисодий фаолиятни қўллаб-қувватлашга қаратилган янгиликлар ҳақида маълумотлар тақдим этилди.
Ишбилармонлар ҳузурида мунтазам равишда ўтказиб келинаётган бундай амалий мулоқотлар божхона хизмати томонидан тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган хизматларни такомиллаштириш ва хорижий инвесторлар билан самарали ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.