Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ишчи гуруҳ Бухорода ўрганишлар ўтказди
10:42 / 2024-04-13

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Ш.Тўхтабоев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Бухоро вилоятида ўрганишлар олиб борди.

Дастлаб Бухоро шаҳри ҳамда Қоракўл туманларида “Яшил макон” умумиллий лойиҳаси доирасидаги тадбирлар ўтказилди. Мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.

Шунингдек, Когон туманидаги “Баҳовуддин Нақшбанд” мажмуасида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларининг бориши ўрганилди. Мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан масъулларга топшириқлар берилди.

Ишчи гуруҳ Ижтимоий ҳимоя қилиш миллий агентлигининг вилоят бошқармаси фаолияти билан танишди. Аҳолига ижтимоий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида ҳудудий прокурорларга ижтимоий хизмат марказлари билан доимий ҳамкорликда ишларни ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Бухоро шаҳридаги “Нурли маскан” ихтисослаштирилган мактаб-интернатида кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларнинг ҳолидан хабар олинди. Уларга берилаётган таълим- тарбия ҳамда уларнинг маиший шароитларини яхшилаш борасида амалга оширилган ишлар ўрганилди.

Шундан сўнг, ишчи гуруҳ Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Бухоро филиалида тиббий фаолиятнинг барча йўналишларини рақамлаштириш жараёни билан танишди. Аҳолига янада сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, мавжуд муаммоларни бартараф қилиш юзасидан масъулларга топшириқлар берилди.

Ўрганишлар давомида Ромитан тумани прокуратураси томонидан ёшларни оталиққа олиш борасида амалга оширилган ишлар билан танишиш мақсадида туман прокуратурасида “оғир” тоифадаги ёшлар билан учрашилиб, уларнинг муаммолари тингланди.  

Ёшларга жамиятда муносиб ўринларини топишлари  учун  зарур тавсиялар, эсдалик  совғалари берилди.  

Шундан сўнг, туман марказида ташкил этилган “Соҳил бўйидаги боғ”да кўчат экиш тадбирига уюшмаган ёшлар таклиф этилди. Улар билан биргаликда манзарали дарахтлар кўчатлари экилди.

Ш.Тўхтабоев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қоракўл туманидаги 53-сон умумтаълим мактабида бўлди. У ерда яратилган шароитлар  ҳамда  касб-ҳунарга  ўргатиш  жараёнлари билан танишди. Ўқувчилар билан экология ва атроф-муҳитни асраб- авайлаш  бўйича  суҳбат ўтказди. Уларга  Ўзбекистон Республикасининг “Қизил  китоби” тарқатилди.  

[gallery-16896]

Бундан ташқари, Бош прокурор ўринбосари Бухоро шаҳридаги “Prounity IT” корхонаси фаолияти билан танишиб, масъулларга вилоятда IT резидентлари сонини кўпайтириш ҳамда улардаги кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида таълимга алоҳида эътибор қаратиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири