Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ишчи гуруҳ бир қатор йўналишларда иш олиб борди
11:32 / 2025-11-19

Жиззах вилоятида кейинги пайтда ижтимоий соҳадаги ислоҳотлар янги босқичга кўтарилмоқда. Бу жараёнларда Бош прокурор ўринбосари Исроил Адҳамов бошчилигидаги ишчи гуруҳининг ўрганишлари нафақат вазифалар бажарилишини баҳолаш, балки амалий натижаларни кўриш, зарур ўринларда тизимли муаммоларга барҳам беришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ишчи гуруҳ жойларда  бир қатор йўналишлардаги ишлар билан танишиб, жойлардаги камчиликларни бартараф этиш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.

Масъуллар аввало Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Жиззах филиалида бўлишиб, тиббиёт муассасасидаги хизмат сифати ва рақамлаштириш жараёнларини ўрганди. Айрим тартиб-назорат ишларининг сустлиги каби учраб турадиган камчиликлар тилга олинди ва уларни тезкор бартараф этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.  

Шу билан бирга, “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида Жиззах шаҳар Мирзо Улуғбек маҳалласини кўкаламзорлаштириш ишларида иштирок этиши ҳам аҳолининг яшаш муҳитига эътибор кучайганини кўрсатди.

Ижтимоий муҳофаза бўйича ўтказилган ўрганишлар давомида “Обод” МФЙ даги Шароф Рашидов номидаги тўқимачилик комбинатида ишчилар учун яратилаётган шароитлар кўриб чиқилди. Айрим ишчи оилаларда моддий таъминотнинг барқарор эмаслиги ҳам қайд этилди.  

Шаҳардаги “Тинчлик” МФЙ да яшовчи эҳтиёжманд оилалар билан суҳбатлар ўтказилиб, улар учун тузилган индивидуал режаларнинг амалий самараси таҳлил қилинди. Ижтимоий шартнома механизмларини янада шаффоф ва манзилли қилиш юзасидан масъулларга қўшимча топшириқлар берилди.

Зомин туманидаги “Artel Electronics Zomin” МЧЖ ҳудудида ташкил этилган меҳнат ярмаркаси эса аҳолининг бандлигини таъминлаш борасида муҳим амалиёт бўлди. 7 минг иш ўрнига эга заводнинг саноат паркида маҳаллий ишлаб чиқариш занжири шакллантирилаётгани ҳудуд иқтисодиёти учун катта қадам саналади. Бироқ ярмаркада иш изловчиларнинг малака мувофиқлиги масаласида аниқланмаган муаммолар ҳам кузатилди. Бу эса касб-ҳунар ўқув марказлари билан ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини кўрсатди.

Мактабгача таълим тизимидаги ҳолатлар ҳам ўрганилиб, Янгиобод туманидаги 11-сонли ДМТТда болалар овқатланиши, рақамлаштириш, аутсорсинг хизматлари сифати каби масалалар муҳокама қилинди. Инклюзив таълимда ҳали етарлича тажриба йўқлиги, айрим жараёнларнинг қотиб қолган услубда давом этиши бўйича ҳам амалга оширилиши лозим бўлган тавсиялар берилди.  

Шу тумандаги эҳтиёжманд оилаларга ажратилган маблағларни мақсадли сарфлаш масаласи ўрганилганда эса бу йўналишда назоратни кучайтиришга зарурат борлиги алоҳида қайд этилди.

Энг муҳими, ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар яширин қолмасдан, уларни бартараф этиш учун манзилли вазифалар юклатилаётгани ўрганишларнинг самарадорлигини таъминлайди. Бу эса ислоҳотлар суръатининг изчил, натижаларнинг эса аҳоли кундалик ҳаётида сезиларли яхшиланиш бўлишига хизмат қилади.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари