Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ишчи гуруҳ аҳоли муаммоларини ўрганмоқда
12:01 / 2023-05-28

Мамлакатимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар катта-кичик раҳбарни энг пастки бўғин маҳаллагача тушириб, халқимиз яхши яшаши учун нималарни истаётгани, ҳаётидан рози ёки норозилиги, таклифларини тинглашдек эзгу ишларга ундади. Одамлар қалбига қулоқ солиб, уларнинг дарду ташвишини эшитиш ва муаммоларини ҳал этиш олий қадрият даражасига кўтарилди.

Бу жараёнда раҳбарлар фаолиятига иқтисодий рақамлар билан эмас, балки уларнинг аҳоли билан қай йўсинда мулоқот қилаётгани, одамлар дуч келаётган муаммоларни қандай ҳал этаётганига қараб баҳо бериш, тегишли хулоса чиқариш йўлга қўйилди. Хусусан, Сурхондарё вилоятида жорий йилнинг ўтган даврида виртуал ва Халқ қабулхоналарига 42 минг 832 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 35 минг 30 таси ёки 81.7 фоизи кўриб чиқилган. Муддат талаб этадиган 7 минг 802 таси ёки 18.2 фоизи кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан мурожаатлар 13 минг 211 та ёки 24 фоизга камайган. Бу кўрсаткичлар ҳам мамлакатимизда сўнгги йилларда халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак, деган улуғ ғоя асосида халқ билан юзма-юз учрашиб, очиқ мулоқот қилишнинг амалдаги самараларидир.

Жанубдаги воҳада Инсонга эътибор ва сифатли таълим йилида “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси қонуни, Президентимизнинг фармон, қарор ва фармойишлари, ҳукумат қарор ва топшириқлари ижросини ўрганиш учун давлатимиз раҳбарининг вилоятдаги Халқ қабулхонаси ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ишчи гуруҳ ташкил этилиб, унга мутасадди ташкилот ва муассасалардан 222 нафар мутахассис жалб этилди. Бу ишчи гуруҳ аҳолини ўйлантираётган муаммоларни ўрганиш, уларга тезкор ва жойида ечим топиш бошлангани одамларнинг адолатга, давлатга, эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда. Уйма-уй киришдан мақсад аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни янада кенгайтириш, мавжуд долзарб муаммоларни аниқлаш, уларни бевосита жойида бартараф этиш юзасидан аниқ, тезкор чоралар кўришдан иборат.  

Ўтган даврда ишчи гуруҳ аъзолари Президентимизнинг 2019 йил 17 январдаги “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12-январдаги “Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида кенг қамровли ўрганиш ишларини олиб борди.  

Халқ қабулхоналари ва вилоят ишчи гуруҳи Термиз шаҳри ҳамда туманларда 81 минг 200 хонадонга уйма-уй кириб, улар билан очиқ мулоқот ўтказди. Муаммоларнинг аксарияти жойида ҳал этилди. Муддат талаб этилганларига муайян вақт белгиланиб, ижроси қатьий назоратга олинди. Масалан, ўрганишлар чоғида аҳоли мурожаатларидан келиб чиқиб, “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти вилоят филиали ҳамкорлигида Бандихон, Қизириқ, Музработ ва Сариосиё туманларида биттадан,  Шеробод ва Денов туманида иккитадан, Узун туманида тўртта янги трансформатор пункти, Бандихон, Ангор, Жарқўрғон, Олтинсой, Термиз, Қумқўрғон, Узун, Шеробод ва Шўрчи туманларида эскирган электр таянч устунлар ўрнига 438 та янги бетон таянч ўрнатилди.

Жарқўрғон тумани Боғаро маҳалласида бунёд этилаётган “Янги Ўзбекистон” массиви қурилишига халақит бераётган 35 кВ кучланишли “Л-Оқжар” электр тармоғининг 4 дона СК-22 русумли темир-бетон таянчлари хавфсиз жойга кўчирилди. Шўрчи туманидаги Саксонкапа маҳалласида 1 дона трансформатор пункти жорий таъмирланди.  

Ишчи гуруҳнинг уйма-уй юриб ўрганишлари чоғида тоза ичимлик сув масаласида мавжуд айрим муаммолар ҳам ўз ечимини топди. “Сурхондарё сув таъминоти” маъсулияти чекланган жамияти билан бирга ҳудудларда 8 дона насос, 2 дона сув қувурини очиб ёпгич янгидан ўрнатилиб, 42 дона насос, 59 дона очиб ёпгич таъмирланди. 1 километрдан ортиқ ичимлик сув қувури тортилиб, 4 дона босимли сув минораси ўрнатилди. Қарийб бир километр оқова сув қувури тозаланди.

Вилоятда истеъмолчиларни суюлтирилган ва табиий газ билан таъминлаш масаласида билдирилган эътирозлар ўрганилиб, аҳолига тўрт минг тонна суюлтирилган углеводород гази ажратилиб, етказиб берилди. Тегишли шартнома асосида 220 дона маиший газ баллон тарқатилди. Термиз шаҳрининг Намуна маҳалласидаги 448 та аҳоли хонадонини табиий газ билан таъминлаш уун 2,2 километр газ қувури янгидан тортилиб, фойдаланишга топширилди.

Жарқўрғон туманининг Истиқлол маҳалласида ахоли хонадонларига 1 километр табиий газ тармоғи тортилди. Ўзбекистон маҳалласи худудидаги мактаб ва боғчани газлаштириш учун 850 метр газ қувури тортилиб, битта газ тақсимлаш шахобчаси ўрнатилди. Денов туманидаги А.Жомий номли маҳаллада 1 дона газ тақсимлаш шахобчаси қайта таъмирланиб, истеъмолчиларни табиий газ билан таъминлаш сифати оширилди. Олтинсой туманидаги Бўстон маҳалласида 500 та хонадонга замонавий газ хисоблагич ўрнатилди. Сариосиё тумани Боғиширин маҳалласида 100 та хонадонга суюлтирилган газ баллон етказиб берилди.  

Вилоят марказида истеъмолчиларнинг кўпайиб, табиий газдан фойдаланиш даражаси ошгани кейинги йилларда бу ёқилғи таъминоти билан боғлиқ муаммоларни юзага келтирди. Бу масаланинг ечими топилиб, айни пайтда шаҳар аҳолисини  узлуксиз табиий газ билан таъминлаш учун Ангор туманидан газ қувури тортилмоқда. Бу вилоят марказида қарийб 16 минг хонадонни ишончли табиий газ билан таъминлаш имконини яратади. Термиз шаҳрининг А. Навоий номли маҳалласи аҳли мурожаатига асосан ҳудудда 1 километр масофага газ қувури ётқизилиб, истеъмолчиларнинг табиий газга бўлган эҳтиёжини қоплаш чоралари кўрилди.  

Жойларда ўтказилаётган сайёр қабулларда  вилоят аҳолиси тоза ичимлик суви, электр ва газ таъминоти, ички йўлларнинг носозлигидан азият чекаётганини маълум қилиб, мазкур муаммонинг ечимини топишда ёрдам сўрайди. Чунки, аҳолини қийнаётган бу масалаларга кейинги йилларда халқ билан очиқ мулоқот қилиш йўлга қўйилганидан сўнг кўпроқ эътибор қаратила бошланди. Одамларнинг дарду-ташвишлари тингланиб, давлат дастурлари, маҳаллий бюджет маблағи ва ҳомийлик асосида кўпчиликни қийнаб келган бу муаммоларни ҳал этишга киришилди. Ишчи гуруҳнинг уйма-уй юриб, аҳоли муаммоларини ўрганиши даврида йўл масаласида билдирилган эътирозлар асосида 150 километр узунликдаги ички хўжалик йўли жорий таъмирланди. Мисол учун, Бандихон туманида бир, Қумқўрғон туманида 20 километр 800 метр, Музроботда қарийб 11 минг, Олтинсойда 6 километрдан кўпроқ, Сариосиё туманида 11 километрдан ортиқ, Термиз шахрида 1 километрдан, Узун туманида 4 километрдан зиёд, Шеробод туманида қарийб 39 километр ички хўжалик йўллари аҳоли ва транспорт воситалари ҳаракатланиши учун қулай ҳолатга келтирилди.  

Ишчи гуруҳ аъзоларининг вилоятда уйма-уй юриш орқали халқ билан мулоқот қилиб, жойлардаги мавжуд муаммоларни маҳаллабай, хонадонбай ўрганиши раҳбарларга етиб келмаётган муаммолардан хабардор бўлишига, одамларнинг ҳаётидан рози бўлиб яшашига кўмаклашаётгани, аҳоли яшаш массивларида замонавий инфратузилмаларни яхшилаш, ҳудудларни ривожлантириш, оилавий тадбиркорлик ва кичик бизнес учун қулай шароитлар яратиш каби муҳим масалаларга ечим топаётгани билан аҳамиятли бўлмоқда.  

Абдулҳаким Эшмуратов,

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Сурхондарё вилоятидаги Халқ

қабулхонаси мудири, ишчи гуруҳ раҳбари

ЎзА