Ишчи гуруҳи аъзолари ташаббус кўрсатишмоқда
Ишчи гуруҳ аъзолари уйма-уй юриб, аҳолига томорқадан унумли фойдаланиш бўйича тавсиялар бермоқда.
Қарши шаҳар ҳокимлиги томонидан аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш, бир қарич ерни ҳам бўш қолдирмай экинлар экишни ташкил этиш, аниқланган муаммоларни жойида бартараф қилиш мақсадида ишчи гуруҳлари ташкил қилинган эди.
Ишчи гуруҳ аъзолари уйма-уй юриб, аҳолига томорқадан унумли фойдаланиш бўйича тавсиялар бермоқда. Айрим қурби етмайдиган оилаларга томорқа ерларини кўчат экишга тайёрлаш, ниҳолларни олиб бериш ва ўтқазиш ишларига ҳам кўмаклашмоқда.
Қарши шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматининг маълумотига кўра, куни кеча ишчи гуруҳ аъзоси, халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши депутати Диёр Шодиев ўз ташаббуси билан Қарши шаҳридаги “Қиличбек Қўрғонча” маҳалласида яшовчи 130 та ҳожатманд хонадонга 3900 донадан помидор, бақлажон ва булғор қалампири, 1300 донадан аччиқ қалампир ҳамда қулупнай кўчатлари олиб берди.
Ниҳолларни экиш ишларига ҳам депутатнинг ўзи бош-қош бўлиб, томорқадан унумли фойдаланиш бўйича намуна кўрсатди. Шунингдек, депутат томонидан 130 дона тиббий ниқоб беғараз ёрдам сифатида тарқатилди.

Ишчи гуруҳнинг яна бир аъзоси, халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши депутати Луиза Бобоеванинг ташаббуси билан “Арабхона” маҳалласида яшовчи боқувчисини йўқотган ёлғиз оналар, оиласида меҳнатга лаёқатли кишиси бўлмаган хонадонларга помидор ва булғор қалампири кўчатлари олиб берилди. Кўнгилли ёшлар ва маҳалланинг жамоатчи ходимлари ёрдамида 21 та хонадоннинг бўш ётган томорқа ерларига экинлар экилиб, ҳозирда бу каби хайрли ишлар давом эттирилмоқда.