Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида ишбилармонлик фаоллиги таҳлили ҳар ойда тезкор маълумотлар асосида ҳисоблаб чиқилади. Бу республиканинг барча соҳалари бўйича ўтказилган мониторинг, маълумотлар асосида тайёрланади.
Мониторинг натижалари шуни кўрсатдики, жорий йилнинг январь ойида республика солиқ тушумлари ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,3 фоизга ошган. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази мутахассиси Муҳаммаджон Рашидов маълум қилди. Шунингдек, мутахассис қуйидагиларни ҳам айтиб берди:
– Жиззах (47,9 фоиз), Навоий (29,4 фоиз), Самарқанд (27,1 фоиз), Андижон (19,0 фоиз) ва Тошкент (18,6 фоиз) вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси (19,7 фоиз) ҳамда Тошкент шаҳрида (28,7 фоиз) солиқ тушумларининг сезиларли ўсиши қайд этилди. Таҳлилларга кўра, мамлакатда 2023 йил 1 январдан бошлаб ҚҚС ставкасининг 15 фоиздан 12 фоизга туширилиши ва об-ҳаво инқирози, январь ойининг ўрталарида об-ҳаво кескин совиб кетгани туфайли ишлаб чиқариш объектларида электр энергияси ва табиий газ таъминотидаги узилишларга қарамай солиқ тушумлари ўртача даражада ошди.
Бундан ташқари, солиқ тушумлари манбалари бўйича ҚҚС 20, даромад солиғи тушумлари 15, мол-мулк солиғи 37, ер солиғи 38 фоизга ошди. Бу эса ой охиригача ўртача ўсишни қўллаб-қувватлашга имкон беради.
Таҳлил қилинаётган даврда божхона тўловлари бўйича тушумлар 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 28,9 фоизга ошди. Божхона тушумларининг энг катта ўсиши Сурхондарё (73,9 фоиз), Самарқанд (43,1фоиз), Тошкент (34,2 фоиз), Наманган (34,0 фоиз) ва Фарғона (10,9 фоиз) вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси (73,8 фоиз) ҳамда Тошкент шаҳрида (59,5 фоиз) кузатилди.
Божхона тўловларидан тушадиган даромадларнинг ўсишига таъсир кўрсатган асосий омиллар 2023 йил январь ойида импортнинг ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 42,3 фоизга ўсиши бўлди.
Давлат божхона қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йил бошидан 31 январга қадар товарлар экспорти ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,6 фоизга пасайган. Экспортнинг сезиларли камайиши Сурхондарё (-40,1фоиз), Бухоро (-27,8фоиз), Жиззах (-19,3фоиз), Тошкент (17,8 фоиз), Наманган (9,8 фоиз), Самарқанд (9,3 фоиз) вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида (-41,2 фоиз) кузатилди.
Экспорт ҳажмининг камайиши Сурхондарё вилоятида ип-калава ва тўқимачилик маҳсулотлари экспорти, Бухоро вилоятида – пахта толасининг ички бозорга йўналиши, Жиззах, Фарғона ва Наманган вилоятларида ип-калава экспорти, Тошкент вилоятида металл ва ундан тайёрланган маҳсулотлар, Самарқанд вилоятида мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти камайгани, Қорақалпоғистон Республикасида эса пластмасса ва ип-калава экспорти ҳажми қисқарганида кузатилди.
Экспортнинг сезиларли ўсиши Навоий (70,5 фоиз), Сирдарё (55,5 фоиз), Хоразм (23,6 фоиз), Андижон (9,2 фоиз), Қашқадарё (7,6 фоиз) вилоятлари ва Тошкент (5,7фоиз) шаҳрида кузатилди.
Ўзбекистон экспортининг ўсиши саноат, озиқ-овқат маҳсулотлари, кимёвий моддалар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортининг ўсиш суръатлари ошгани билан изоҳланади.
Ҳисобот даврида тижорат банклари томонидан берилган кредитлар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21,8 фоизга ошди. Кредитлар бериш ҳажми Тошкент(102,3 фоиз), Сирдарё (73,5 фоиз), Хоразм (71,4 фоиз), Фарғона (44,6 фоиз) вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси (17,8 фоиз) ва Тошкент шаҳарида (32,7 фоиз) сезиларли даражада ошгани қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржасида амалга оширилган битимлар ҳажми 32,1 фоизга ўсди. Биржа фаолиятининг сезиларли ўсиши Қашқадарё (93,2 фоиз), Сирдарё (86,2 фоиз), Самарқанд (67,0 фоиз), Хоразм (62,8 фоиз) вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси (68,2 фоиз) ва Тошкент (28,5фоиз) шаҳрида кузатилди.
Ушбу ҳудудларда тузилган битимлар ҳажмининг ўсишига суюлтирилган газ, минерал ўғитлар, техник чигит, автомобиль бензини, дизель ёқилғиси, қурилиш ва хўжалик материаллари, ўсимлик ёғи, буғдой уни, буғдой, шакар, пахта толаси, қора ва рангли металлар, полиэтилен ва бошқа маҳсулотлар савдосининг кўпайиши ҳисобидан эришилган.
Таҳлил қилинаётган даврда 6046 та янги хўжалик юритувчи субъект ташкил этилиб, уларнинг энг кўпи Фарғона (553), Тошкент (513), Самарқанд (469), Хоразм (453), Бухоро (402) вилоятлари ва Тошкент шаҳрида (1362) рўйхатга олинган.
Марказ томонидан мониторинг ва таҳлил ишлари давом эттирилмоқда.
Б.МЕЛИҚУЛОВА, ЎзА