Бугунги кунда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, унинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш ҳамда давлат органларининг ноқонуний аралашувини чеклаш Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, соғлом рақобатни таъминлаш ва хусусий сектор фаоллигини оширишда очиқ мулоқот, самарали институционал механизмлар ҳамда халқаро тажрибани ўрганиш алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Шу муносабат билан бугун Тошкент шаҳрида “Давлат органларининг тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувини олдини олиш” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда маҳаллий ва хорижий ташкилотлар, давлат органлари масъуллари, халқаро молия институтлари, соҳавий мутахассислар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Таъкидлаш керакки, ушбу тадбир чинакам тадбиркорлик соҳасидаги мавжуд муаммоларни очиқ муҳокама қилиш, илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва амалий таклифлар ишлаб чиқиш учун самарали мулоқот майдонига айланди.
Унда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раис ўринбосари Фаррух Карабаев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўринбосари Жамшид Урунов, Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси раиси Бобур Бекмуродов, Осиё тараққиёт банкининг мамлакатимиздаги доимий ваколатхонаси раҳбари Канокпан Лао-Арая ва бошқа спикерлар маъруза қилиб, тадбиркорлик фаолиятига давлат органларининг ноқонуний аралашувини олдини олиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва рақобат муҳитини ҳимоя қилиш масалалари бугунги кунда стратегик аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.
[gallery-27365]
Шунингдек, анжуман доирасида халқаро тажриба, самарали институционал механизмлар ҳамда давлат назорати ва текширув жараёнларига рақамли ечимларни жорий этиш орқали шаффофликни таъминлаш масалалари кенг муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, рақамлаштириш инсон омилини камайтириш, тадбиркорлар учун тенг шарт-шароит яратиш ва коррупция хавфларини қисқартиришда муҳим восита ҳисобланади.
Анжуман доирасида “Тадбиркорлик фаолиятига давлат органларининг аралашувини чеклаш - институционал механизмлар”, “Бизнес учун ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва лицензиялаш жараёнларини соддалаштириш”, “Текширув ва назорат жараёнларида рақамли ечимлар ва шаффофликни таъминлаш” мавзуларида панел сессиялар ўтказилди. Уларда иштирокчилар томонидан аниқ таклиф ва ташаббуслар илгари сурилиб, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича амалий тавсиялар билдирилди.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур халқаро анжуман Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, давлат органлари фаолиятида қонунийлик ва очиқликни таъминлаш, шунингдек, рақобат сиёсатини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Бундай мулоқот майдонлари тадбиркорлик субъектларининг ишончини мустаҳкамлаш, иқтисодий ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш ва барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлашга хизмат қилади.
Насиба Зиёдуллаева,
Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА